Оила мустаҳкам пойдеворга эга бўлиши керак
Оила мустаҳкам пойдеворга эга бўлиши керак

 

Мутахассисларнинг фикрича, йигит-қизларнинг турмуш қуриш ёши оила мустаҳкамлигига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан биридир. Афсуски, айрим ота-оналар кўпинча фарзандининг келажак тақдири, бахт-саодати ҳақида ўйламай, ҳали балоғат ёшига етмаган қизини узатиш ёки қариндошимнинг қизи бегона бўлмасин, деб ўғил уйлантириш тараддудига тушади. Бунинг оқибатида қизларни ўн олти, ҳатто ундан кичик ёшда турмушга узатиб юбориш ҳоллари учраб туради. Аммо бу кўп ҳолларда бўлғуси онанинг саломатлиги ва руҳиятига, қолаверса, ёш оиланинг мустаҳкамлиги, туғилажак фарзанднинг соғломлигига салбий таъсир кўрсатади.

Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг бахтли бўлишини истайди, албатта. Лекин, қизимни тезроқ турмушга берсам, хотиржам бўлардим, деган нотўғри қараш билан қайсидир маънода ўз ҳаловатини ўйлайдиган, фарзандининг ўқишни давом эттириши ёки эгаллаган касби бўйича ишлашига тўсқинлик қиладиган ота-оналар ҳам йўқ эмас. Мана шундай ота-оналарга тушунтириш мақсадида барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва маҳаллаларда мутахассислар иштирокида аҳоли вакиллари билан мунтазам давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирларда қиз болани барвақт турмушга бериш ва эрта фарзанд кўриш, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари, никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг зарурлиги борасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Мутахассислар томонидан қизларнинг 16-18 ёшларда она бўлиши жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлиги аниқланган. Кўп ҳолларда бундай ёшдаги қизларнинг соғлом фарзандни дунёга келтиришида турли муаммолар келиб чиқади. Қизларнинг жисмонан ва руҳан оналикка тайёр бўлмасдан оила қуриши кўпинча туғруқ жараёнида хавфли асоратларга сабаб бўлади. Бинобарин, эрта ҳомиладорлик ёш она ҳамда бўлажак фарзанд учун ҳар томонлама хавфлидир.

Аёл қанча ёш бўлса, ҳомиладорлик давридаёқ турли патологик, экстрагенитал хасталиклар кучаяди, йўлдош етишмовчилиги, суяклар тизимида рўй берадиган ўзгаришларнинг салбий оқибатлари кўп бўлади, — дейди Бувайда туман тиббиёт бирлашмаси акушер-гинекологи Алимова Карима. — Эрта ҳомиладорлик кўпинча бола тушиши ёки ўлик туғилиши билан тугайди, бу ҳолат ҳомиланинг нуқсонли ривожланиши сабабли ҳам она, ҳам бола саломатлигига катта хавфдир. Бундай асоратлар кейинги ҳомиладорликнинг нормал кечиши ва туғруқнинг табиий равишда амалга ошишига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис ёш турмуш қурган аёлларнинг фарзандлари жарроҳлик амалиёти орқали кислород етишмаслиги туфайли она қорнида суст ривожланган чақалоқларнинг вазни анча кам бўлади ва афсуски, уларнинг аксарияти кўп яшамайди.

Бугунги кунда скрининг текширувлари натижалари шуни кўрсатмоқдаки, болалардаги турли хил аномалиялар, айниқса, асаб тизими ва генетик нуқсонлар айнан қариндошлар ўртасидаги никоҳ туфайли юзага келмоқда. Бунинг олдини олиш учун, аввало, ота-оналар етарли тиббий билим ва тушунчага эга бўлиши лозим. Аммо, айримлар эрта турмуш, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларини кўра-била туриб, шошма-шошарлик ва ўзбошимчалик билан қарор қабул қилишади. Натижада, носоғлом фарзандлар дунёга келади, оилалар ўртасида совуқчилик пайдо бўлади, ёш келин-куёв руҳий тушкунликка тушиб қолади. Кимнингдир ўйламай қилган хатоси туфайли ёш оилалар бузилиб кетади, келин-куёвларнинг ҳаёти издан чиқади.

Ана шундай салбий иллатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фарғона вилоят кенгаши томонидан соғлиқни сақлаш бошқармаси ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда жойларда «Аёллар соғлиги-жамият бойлиги», «Ижтимоий ҳимоядан- ижтимоий фаоллик сари», «Малакали тиббий хизматдан фойдаланиш кафолати - хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлашдаги муҳим мезондир», каби мавзуларда давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилмоқда.

Жорий йилда бу борадаги ишларни янада кучайтириш, оилаларда, ёшлар ўртасида тушунтириш-тарғибот ишларини кенг кўламда олиб боришни режалаштирдик. Мақсадимиз, оилалар соғлом бўлсин. Шунда жамият ҳам соғлом бўлади.


Санжар Раҳмонов,

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши сектор мудири.

← Рўйхатга қайтиш