Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳамда партия масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳи Жиззах вилояти Мирзачўл туманига борди. Ишчи гуруҳи давлатимиз раҳбарининг Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалчиликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида белгиланган вазифалар ижросини ўрганди.
Бугун туманда 51630 нафар аҳоли истиқомат қилиб келади. Шундан меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 29568 нафарни ташкил этади. Айни вақтда ишсизлар сони 2156 кишидан иборат бўлиб, бу аҳоли сонининг 7,3 фоизни ташкил этмоқда. Ишсизлик даражасининг юқорилигига сабаб туманда ишлаб чиқариш корхоналари, хизмат кўрсатиш субъектларининг камлигидадир.
Туманда 12 та маҳалла фуқаролар йиғини бор. Камбағал оилалардаги аҳоли сони 1519 нафар бўлиб, уларнинг ойлик даромади ўртача 509 минг сўмни ташкил қилади. Ойлик даромаднинг одам бошига ўртача улуши 109 минг сўмдан иборат бўлмоқда.
Ишчи гуруҳи аъзолари жорий йилнинг 13 май куни туманда камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини кўриб чиқишди. Хусусан, тумандаги 12 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи ишсиз аҳолининг яшаш шароитлари билан танишишди, уларнинг муаммоларини ўрганишди.
Ўрганиш давомида тумандаги Мирзадала, Дўстлик, Мустақиллик, Ғалаба, Ержар, Ипак йўли, Тошкент, Янгидала, Пахтазор, Ўзбекистон, Гулзор ва Боғбон маҳаллаларидаги юздан ортиқ камбағал ишсиз аҳоли билан учрашди.
Мулоқотларда асосан камбағал оилалар аъзоларининг ижтимоий ҳаёти, турмуш тарзи, уларнинг муаммолари ўрганилди. Уйма-уй юриб, камбағал оилалар томорқаларидаги ҳолат билан танишилди. Деҳқончилик қилиш истагида бўлган фуқаролар билан суҳбат қурилди.
Юздан ортиқ оилаларда томорқасига полиз маҳсулотлари экиш бўйича кўникма ва қизиқиш борлиги маълум бўлди. Аммо аҳоли ҳовлисида экинларни суғориш учун махсус суғориш воситаларини сотиб олишга имконияти йўқлигини билдирди. Шу ернинг ўзидаёқ ишчи гуруҳ аъзолари уларнинг орасидаги камбағал оилаларнинг рўйхатини шакллантирди ва бу рўйхат туман бандлик марказига тақдим қилинди. Ажратилган субсидия маблағлари ҳисобига шу куннинг ўзида 29 та оилага суғориш воситалари олиб берилди.
Хусусан, камбағал оилалар рўйхатида турувчи Мирзадала ШФЙ Чорвадор кўчасида истиқомат қилувчи фуқаролар Қобилова Дилрабо ҳамда Рустамов Нуриддинларга томорқа экинларини суғориши учун сув насослари етказилди.
Шунингдек, ишчи гуруҳи аъзолари тумандаги хизмат кўрсатиш соҳалари, ишлаб чиқариш мажмуаларида меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг ойлик маошларида муаммолар борлигини ҳам аниқлади. Масалан, Мирзачўл тикувчилик мажмуаси МЧЖ да ишлаб келаётган Севара Шарипова бир неча ойдан буён меҳнат ҳаққини ололмаётган экан. Корхона раҳбари билан алоқага чиқилиб, масала ҳал этиладиган бўлди
Ишчи гуруҳ аъзолари Ғалаба маҳалласидаги 60 нафар хотин-қизни “Мирзачўл текс” МЧЖ га ишга жойлаштириш бўйича ёрдам берди. Бундан ташқари, камбағал оилаларда яшовчи 95 нафар ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида туман захирасидан 44,5 гектар ер ажратиладиган бўлди. Бу ерда ёшлар боғдорчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланиши назарда тутилди.
Зулайҳо Акрамова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси,
Меҳрожиддин Дархонов,
ЎзХДП Марказий Кенгаши раис ўринбосари.