Ҳамшираларнинг анъанавий касб байрами Наманган вилоятида бу гал ҳар қачонгидан-да кўтаринки, эътибор ва ҳурмат билан нишонланмоқда. Коронавирус пандемиясига қарши кураш, ўта хавфли инфекция тарқалишининг олдини олиш, коронавирусга чалинган беморларни даволаб, ўлим чангалидан қутқариб қолишдек масъулиятни шифокорлар сафида туриб ҳамширалар ҳам зиммаларига олишди.
Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг ҳамширалик иши бўйича бош мутаҳассиси Райҳона Мансурова билан телефон орқали боғланиб, вилоятимиз аҳли номидан барча ҳамшираларга табрик йўлладик ва айрим маълумотларни олдик.
Наманган вилоятида 29182 нафар махсус малакали ҳамшира рўйхатга олинган. Айни даврда уларнинг қарийб 24 минг нафари мунтазам касбий фаолият билан банд. Коронавирус инфекциясига қарши кураш майдонида барча тиббиёт ходимлари, шифокор мутахассислар қатори ҳамшираларимизнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида вирус юқтирган беморларга тиббий муолажалар олиб бораётган ҳамшираларимиз 123 нафар. Махсус карантиндаги шифо муассасаларида фаолият юритаётган ҳамшираларимиз қарийб бир ярим минг нафар экан. Бирламчи тизимдаги 3,5 минг нафардан ортиқ патронаж ҳамшираларимизнинг барчалари уй карантинидаги ҳамюртларимиздан хабар олиб турган экан.
Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ҳамшираси Муножот Юлдашева, янгиқўрғонлик патронаж ҳамшира Ойшахон Зулфиқорова, поплик ҳамшира Азиза Мирзаниёзова, учқўрғонлик Дилдора Тухфатуллаева, Моҳира Усмонова каби кўплаб фидойи ҳамшираларимиз билан фахрланамиз.
Раҳмат сизга, азиз ҳамширалар!
Маъмура Бойтўраева,
ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши ходими.