Номи ўчсин, урушнинг!
Номи ўчсин, урушнинг!

 

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага 75 йил тўлди. Ушбу ғалабада туманимиз халқининг катта ҳиссаси бор. 1941 – 1945 йилларда 3984 нафар алп йигитларимиз фронтга отландилар. Улар Сталинград, Москва остоналаридаги жангларда Белоруссия, Украина, Латвия, Литва, Эстония ва Европанинг бир қанча давлатлари ерларини немис-фашист босқинчиларидан озод қилиш учун бўлган жангларда қаҳрамонлик намуналарини кўрсатдилар. Уларнинг 2160 нафари жангу-жадалларда ҳалок бўлиб, қанчаси бедарак кетди. Яна қанчаси майиб-мажруҳ ҳолда қайтиб келди….

Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти машаққатларини бошидан ўтказган инсонларнинг ҳаёт йўли ҳар биримизни бугунги тинч, дориломон кунларнинг қадрига етишга ундаб туради.

«Нурак» маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Нурмуҳаммад Аёсовнинг хонадони ҳамиша гавжум. Отахонни ёшлар, маҳалла аҳли, узоқ-яқиндаги танишлари йўқлаб келишни канда қилмайди. Нурмуҳаммад бобо Аёсов машъум урушнинг бошидан охиригача иштирок этган саноқли жангчилардан бири. Ўша оловли йиллардан унга 25 та орден ва медаллар хотира бўлиб қолган. Собиқ жангчи урушдан қайтиб келгандан кейин Болқоной ая билан турмуш қуриб, туманда чорвачиликни ривожлантириш соҳасида меҳнат қилди. Қобил фарзандлар тарбиялаб, вояга етказди. Иккинчи жаҳон урушида Форишдан минглаб йигитлар қатнашган бўлса, улар орасида бугун ёлғиз ўзи ҳаёт. Нурмуҳаммад бободан уруш даври хотиралари ҳақида сўрасангиз, хўрсиниб қўяди-да бошини сарак-сарак қилади.

Мендан уруш ҳақида сўраманглар, оти ўчсин, эслашни ҳам истамайман, – дейди у кўзига ёш олиб. – Ёнгинамда қанча-қанча сафдошларим жон берган. Уларнинг барчаси туғишган ака-укаларимдек қадрдонларим эди. Жангоҳда яраланиб чеккан азобларимдан ҳам оғирроқ дардни ҳар бир хизматдош дўстимдан айрилганимда ҳис қилар эдим…

Шукурки, у кунлар ортда қолди. Юртимизда уруш қатнашчиларига, фронт ортида хизмат қилганларга эътибор юксак даражада. Муҳтарам Президентимиз бизни ўн миллион сўм пул билан мукофотлаш бўйича яна фармон чиқарганидан қалбимиз тоғдек юксалди. Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихини ўзгартирган, инсонлар иродасини синовдан ўтказган урушдир. Кўксим тўла орден, медал бўлгани билан юрагимнинг соғ жойи йўқ эди. Аммо йиллар ҳаммасини ўзгартирди. Халқимизнинг, Муҳтарам Президентимизнинг юксак эътибори, ғамхўрлиги ва меҳр-муҳаббати бизнинг авлодга куч-қувват, яшаш завқини бермоқда.


Рашид КАРИМОВ,

"Фориш тонги" БПТ етакчиси, партия фаоли.

← Рўйхатга қайтиш