Хотира муқаддас, қадр абадий
Хотира муқаддас, қадр абадий

 

Инсон қадри улуғ, хотираси сарбаланд юртда яшаймиз. Орамизда кексалик гаштини сураётган уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Жанггоҳларда кўксини қалқон қилган юртдошларимизни хотирлаш, ўтганларни ёд этиш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш турмуш тарзимизнинг ажралмас қисмига айланган.

Маълумки, урушдан олдин Ўзбекистонда 6,5 миллион аҳоли яшаган. Шундан 1,5 миллионга яқин одам урушда қатнашган. Ўша вақтда юртимиз аҳолисининг ярмини болалар ва кексалар ташкил қилган. Демак, қурол кўтаришга қодир бўлган юртдошларимизнинг тахминан 70-80 фоизи бу бешафқат урушда бевосита иштирок этган.

Урушда қатнашган, катта жасорат ва матонат кўрсатиб, бугунги дориломон кунлар учун курашган отахонларимизни қанча эъзозласак, ардоқласак ҳам кам.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фарғона вилоят кенгаши ходимлари, депутатлар партиянинг “Истиқбол” ёшлар қаноти фаоллари билан биргаликда Фарғона шаҳрида "Аждодларни хотирлаш-муқаддас қадрият", "Эътибор ва ғамхўрлик-инсоний бурч" шиорлари остида иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг хонадонларига ташриф буюришди.

Ўтмишнинг машаққатларини эслаган отахонлар уруш даврида қийинчиликларни, халқимиз бошидан ўтказган оғир кунларни ёшларга гапириб беришди. Очарчилик, қаҳатчилик кунлари ҳақида сўзлашди. Ёшларга бугунги фараҳбахш кунларнинг қадрига етиб, унга муносиб бўлиш кераклигини уқтириб ўтишди. Эзгулик, яхшилик ва ҳалолликни улуғлаб яшаш бўйича панд-насиҳатлар беришди.


Санжар Раҳмонов,

ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши сектор мудири.

← Рўйхатга қайтиш