Шу кунларда ҳаммамиз синовдан ўтяпмиз. Кимдир хайру саховати билан, кимдир сабру қаноати билан... Саховат ва кўмак бериш истагида бўлган инсонлар сафи тобора ортиб бормоқда. Карантиннинг дастлабки кунларидан фарқли ўлароқ саховатпешалик, инсонийлик, диёнат, оқибат сингари хайрли тадбирлар энг юқори чўққига кўтарилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Учтепа туман кенгаши ва депутатлари томонидан бугунга келиб, 172 та эҳтиёжманд оилага 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиеник воситалар етказиб берилди.
Депутатлар дастлаб Учтепа туманидаги “Бирлик”, “Кўкча Оқтепа”, “Тақачи”, “Ҳамкор”, “Хирмонтепа”, “Ватан”, “А.Қодирий”, “Шарқ юлдузи” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга карантин тартиб қоидаларига амал қилган ҳолда, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Бир-бирига елкадош бўлиб, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзаётган саховатли юртдошларимизнинг хайрли амаллари кўплаб оилаларнинг оғирини енгил қилиш баробарида, одамлар ўртасидаги меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик туйғуларини янада мустаҳкамлаётгани билан аҳамиятли, албатта.
Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши
Ахборот хизмати.