Хотира кечаги ўтмишни, аждодлар ўгтини, мисллий меросимизни англатиб турадиган муқаддас китоб зарқарақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Қадр эса инсонни юксакликка кўтаради, унинг турмушига, орзу-интилишларига, мақсадларига олижаноблик бағишлайди.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан суҳбат давомида шулар ҳақида ўйлаб қолдим. Уларнинг ҳар бир сўзи, ҳаттоки, кўзлари бугунги фаровон кунлардан шукроналикни қайта-қайта такрорлайди. Бир пайтлар бу кўзлар кўрган кунлар, жанггоҳлар, очарчилик замони, яқинлардан, ёнингда турганлардан айрилиш ҳиссини елкада кўтариб юриш катта жасорат ва матонат намунасидир.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Юлдаш бобо биз билан суҳбатда дастлаб сўзини шукроналикдан бошлади:
– Бугунги тинч ва осойишта кунларга минг бор шукурона қилиш керак. Қаранг ҳамма жойда ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, шаҳар ва қишлоқларнинг қиёфаси кун сайин гўзаллашиб бормоқда. Буларни кўриб кишининг кўзи ва дили қувончга тўлади. Яна кўп йиллар яшагиси келади. Ана шуларнинг қадрига етиш керак, – дейди отахон.
Юлдаш бобо Холматов 1920 йилда туғилган. Уруш бошлангач тенгққурлари, акалари ва укалари қаторида жангга отланди.
– Уруш даҳшатларини эсласанг, юрагим зир титрайди, қўрқиб кетаман, – дейди отахон. – Тўрт томондан ўқ овози эшитилади, кеча тунда сенга сирларини айтган, орзу-ниятларини бўлишган, ота-онасини, оиласини соғинганини такрорлаган дўстинг ёнингда, кўз олдингда жон беради. Бу қанчалар даҳшат. Мен билан кетганларнинг кўпи қайтмади... Ҳозиргача улар ҳақида эслайман, дўстларим, ошналарим юрагимда мен билан бирга яшади...
Юлдаш бобо бизга кўзида ёш билан шулар ҳақида гапириб берди. Кўрсатилаётган эътибордан мамнун эканлигини айтди. Айтишича, ҳамширалар, қўни-қўшни, маҳалла-куй тез-тез унинг ҳолидан хабар олишади. Фарзандлари, неваралари ардоғида яшамоқда.
Шу куни Денов тоғ-кон саноати касб-ҳунар коллежи директори, Халк депутатлари Сурхондарё вилоят кенгаши депутати Бахтиёр Аҳроров Денов тумани "Оққўрғон" маҳалласида яшовчи Юлдаш бобо ҳолидан хабар олиб, бобо билан дилдан суҳбат қурди. У бизга шу ҳақида гапириб берди. Депутат томонидан Юлдош бобонинг яшаётган ҳовлисида ободонлаштириш ишлари ва таъмирлаш ишлари ташкил этилди. Кўрсатилган бу эътибордан Юлдаш бобо жуда мамнун бўлди.
Феруза Болтаева,
ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши маъсул ходими.