Хотира ва қадрлаш куни. Ушбу байрам мамлакатимизда каҳрамонларча ўлкамизни ҳимоя қилган, унинг эркинлиги, мустақиллиги ва xалқининг тинчлиги учун курашган ватандошлар xотирасига бағишланган. Ушбу кунда фашизмга қарши курашларда қатнашган, ўз Ватанини ҳимоя қилишда жонини фидо қилган миллий каҳрамонларимиз яна бир бор эсланади. Айни пайтда худди шундай қаҳрамонлик кўрсатган юртдошларимиз, кексаларимиз, меҳнат фахрийларимиз ҳолидан хабар олиниб, қадрланади.
Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланиб улгурди.
Сурхондарё вилоятидан 31614 нафар ҳамюртлармиз ушбу жангларда иштирок этган. Ҳозирги кунда уларнинг 42 нафари ҳаёт.
Денов туманидан ҳам 2653 нафар фронтдаги жангоҳларда қон кечган. Бугун уларнинг 6 нафари ўз оиласи бағрида умргузаронлик қилиб келмоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Денов туман кенгаши билан биргаликда деновлик қаҳрамон боболармиз ҳолидан хабар олдик.
Тумандаги “Номозгоҳ” маҳалласида яшовчи Муҳаммадиев Худойберди бобо қарийб 100 ёшни қаршиламоқда. Худойберди бобо билан ўша машъум даврларни ёдга олдик. У кишининг ҳикоя қилишича, 1942 йилда II-Жаҳон урушига юборилган. 1942 йил Беларуссияда, 1943 йил Германияда, 1944 йил Болгарияда бўлиб ўтган урушларда қатнашган. 1944 йилда Болгария ҳудудидаги жангда ўнг қўлидан ўқ тегиб жароҳатланади. Лекин ўзини йўқотмайди. Даволаниб соғайгандан сўнг яна жангга қайтади. Урушдан сўнг она қишлоғига қайтиб келади. Кўплаб йиллар почтачи, кейинчалик Аловуддин Аттор қабристонини обод қилиб халқига муносиб хизмат қилган. Тўрт нафар фарзанди ҳам бугун эл хизматида. Худойберди бобо Улуғ Ватан урушидаги ғалабанинг 50, 60, 65, 70 йиллик юбилей медаллари ҳамда “Жасорат” медали ва “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Худди шундай жасорат кўрсатган воҳадошлармиздан яна бири Денов туманидаги Жомий маҳалласида яшовчи 95 ёшли Мередов Досек бобо ҳисобланади. У 1943 йилда урушга жўнатилган. Урушда радист бўлиб хизмат қилган. Киев шаҳрида 2 ой тайёргарликдан кейин Украина, Польша, Чехословакия ҳудудларидаги урушларда иштирок этиб, немисларни тор-мор қилгунча жангларда иштирок этган. Қаҳрамонликлари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жасорат” медали, 2019 йил “Меҳнат фахрийси” биринчи даражали кўкрак нишонларини кўксига таққан.
Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Қаҳрамон боболар билан суҳбат асносида халқимиз оғир кунларни сабр-бардош билан енгиб ўтганликларини, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаганликларига яна бир бор амин бўлдим.
Бугун юртимиз ана шундай оғир кунлар – коронавирус пандемияси, Бухоро ва Сирдарё вилоятидаги фалокатларни бошидан кечирмоқда. Нуроний боболаримиз муборак қутлуғ ойда бугунги офатлар тезроқ ердан кўтарилишини, юртимизнинг равнақини сўраб дуо қилдилар.
Ишончимиз жуда юксак. Бу кунларни ҳам халқпарвар чинакам матонат, сабр ва ҳамжиҳатлик билан албатта енгиб ўтамиз.
Якунда айтмоқчи бўлганимиз, Сиз уруш қатнашчиларидан бугунги мусаффо осмон, тинч ва осойишта ҳаёт учун миннатдормиз!
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.