“Ишчиларга ҳар кунги 16-18 соатлик меҳнати учун 250 грамм нон ва 4 дона қанд берилар эди...”
“Ишчиларга ҳар кунги 16-18 соатлик меҳнати учун 250 грамм нон ва 4 дона қанд берилар эди...”

 

Элу-юрт тинчлиги учун жанггоҳларда кўксини қалқон қилиб курашган, айни кунларда мамлакатимизда умргузаронлик қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийларини ҳар қанча эъзозласак, шунча кам. Зотан, биз уларнинг олдида ҳамиша қарздормиз.

Мамлакатимизда 9 май санаси умумхалқ байрами сифатида катта нишонланишининг боиси ҳам шунда. Бу кунда хотира қа қадрлаш туйғулари қалбларда янада кўпроқ жўш уради, ўтганлар ёдга олиниб, нуроний отахону-онахонларга меҳр-мурувват кўрсатилади. Уруш ва меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, уларга совға-саломлар, мукофотлар улашилади

Бу эзгу ишларда халк депутатлари Фарғона шаҳар Кенгаши депутатлари ҳам фаол иштирок этишмоқда. Бугунги фаровон ҳаётимиз учун қон кечиб жанг қилган нуронийларимиз, фронт ортида машаққатли оғир меҳнат қилган отахону-онахонларини йўқлашди.

Халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутати Нодиржон Махмудалиев ўзи сайланган “Истиқлол” маҳалласида яшовчи, 1928 йилда туғилган, меҳнат фронти фахрийси Нина Файласованинг ҳолидан хабар олди. Онахонга ўзи ва ҳомийлар ёрдамида зарур озиқ- овқат маҳсулотларини етказиб берди. Нина Файласова билан оғир уруш йиллари хотиралари тўғрисида суҳбат қурди.

1928 йил октябрь ойида туғилганман, – дейди Нина хола. – Уруш бошланганига 13 ёшда эдим. Онам заводда ишлар эди, отам юрак хасталиги билан ногирон эди. Урушнинг дастлабки кунларида онам заводда тунги сменадалиги пайти уйқусизлик таъсиридами, локомотив ғилдираклари орасига тушиб кетиб, фожиали вафот этди. Бу мусибатни кўтаролмаган отам 1 йил ўтмасдан қазо қилди. Етимлик бошимга тушди. Қишнинг қаҳратон совуқ кунлари, очарчилик бошланди. Мени катта холам, синглимни эса бошқа шаҳарда яшайдиган иккинчи холам ўз қарамоғига олди. Холамнинг турмуш ўртоғи фронтда, ўзининг 2 фарзанди ва мен қолган эдик. Ичларида каттаси мен эдим. Холам заводда ишлаб, 500 грамм қора нон ва 6 дона қанд олиб келар эди. Бу албатта қорнимизга етмасди. Шу сабабли мен 15 ёшли қизча нон комбинатига ишга кирдим. Ишлаб чиқарилган ноннинг кўп қисми фронтга юборилар эди, ишчиларга эса ҳар кунги 16-18 соатлик меҳнати учун 250 грамм нон ва 4 дона қанд берилар эди. Шу билан биз ҳаётимизни сақлаб қолганмиз. Биз кўрган оғир каҳатчилик, очарчилик даврини хозирги карантин даврига солиштирадиган бўлсак, бугунги синовли кунлар у кунлардагининг олдида денгиздан бир томчи. Қорнингиз тўқ, эгнингиз бут, шуни ўзи катта бахт эмасми...

Нина хола бизга бошидан ўтганларни айтиб берар экан, кўзлари ёшга тўлган эди. Суҳбат сўнгида, мен яхши нафақа оламан, оч қолмайман, олиб келган маҳсулотларинг учун раҳмат, фақат, агар рухсат берсаларинг, мен қўшниларим ичида эҳтиёжманд қарияларга шу маҳсулотларни бир қисмини бўлиб берсам, деб қолди. Мана фидойилик, инсонпарварлик...


Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш