Электоратимиз билан елкама-елка турамиз
Электоратимиз билан елкама-елка турамиз

 

Барчамизга маълумки, бугун бутун дунёда коронавирус пандемияси ҳукмронлик қилмоқда ва бу мамлакатимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Давлатимиз раҳбари бошчилигида ҳукумат томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шифокорларимизнинг мардонавор харакатлари ҳамда энг асосийси халқимизнинг сабр-тоқат ва матонат билан карантин қоидаларига сўзсиз амал қилаётгани инфекцияга чалинганлар сонини тобора қисқариб боришига олиб келмоқда.

Карантин даврида энг биринчи навбатда аҳолининг ижтимоий ҳимояга мухтож қатлами кўпроқ қийинчилик кўриши ҳеч кимга сир эмас. Шу боисдан Президентимизнинг “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ташкил этиш ташаббуси бутун халқимиз томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда. Азалдан яхшилик, эзгу амалларни хуш кўрувчи, саҳоватпеша ва танти халқимиз савобни ҳар ким ҳар куни қилиши керак деган эзгу амалга риоя қилиб келган. Шу боисдан, машаққатли кунларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, кўмакка муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар ким қўлдан келганча савоб амалларини бажаришга интилмоқда.

Карантин эълон қилинган пайтдан бошлаб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ҳам ўзининг олдига қатор вазифаларни белгилаб олди.

Биринчи навбатда, туман кенгашлари, депутатлар, бошланғич ташкилотлар томонидан партия электорати ҳисобланган ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган аҳоли қатлами, ногиронлиги бўлган оилалар, шунингдек бугунги синовли кунларда карантин чоралари сабабли маълум муддат ишламай уйда қолган фуқароларга ғамхўрлик қилиш, улар ҳолидан хабар олиш ишларини самарали ташкил қилиш мақсадида 11 та гуруҳ тузилди. Уларнинг таркибига 120 нафар партия ходимлари, депутатлар, бошланғич партия ташкилотлари раислари киритилди.

Мамлакатимизда коронавирусга қарши кураш бўйича амалга оширилган чораларнинг дастлабки кунидан биринчи босқичда партия кенгашлари ва депутатлар томонидан Тошкент шаҳридаги 420 та маҳаллада аҳоли ўртасида тушунтириш тарғибот ишлари амалга оширилди. Тарғибот жараёнида қабул қилинган чора-тадбирлар, карантин тартиб қоидалари тушунтирилди. Коронавирусдан огоҳ бўлишга даъват этувчи 5000 нусхада тарғибот материаллари тарқатилди.

Коронавирусга қарши чоралар, карантин даврининг дастлабки кунларидан бозорлардаги ва озиқ-овқат дўконларида энг зарурий кундалик эҳтиёж воситалари, озиқ-овқат махсулотларининг айрим савдогарлар томонидан асоссиз равишда ошириб юборилишини олдини олишга қаратилган амалий ишлар қилинди. Депутатлар томонидан тегишли мутасадди ташкилотлар билан биргаликда бозорлар ва дўконларда ўрганиш ишлари олиб борилиб, нарх-наволарни асоссий ошириб юборилиши устидан қатъий депутатлик назорати амалга оширилди.

Карантин пайти Ўзбекистон ХДП электорати бўлган пенсионерлар, кам таъминланган, кўп болали, ногиронлиги бўлган, ёлғиз қариялар кўпроқ азият чекади. Шу боисдан ишчи гуруҳлар аъзолари маҳалла раислари билан ҳамкорликда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда Тошкент шаҳри туманларидаги жами 1232 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳамда 5300 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ҳолидан хабар олишди. Уларга 12 турдаги озиқ-овқат махсулотлари, бирламчи кундалик эҳтиёж моллари, антисептик воситалар ва тиббий ниқоблар ҳамда бошқа турдаги умумий қиймати 369 600 000 сўмлик зарурий маҳсулотлар бепул тарқатилди.

Бугунги кунда депутатларимиз “Саховат ва кўмак” жамғармасига ўзининг беғараз ҳиссасиини қўшмоқда. Шу кунларда Тошкент шаҳрида яна 500 та хонадон, яъни 200 та ижтимоий ҳимояга муҳтож, 100 та ногиронлиги бўлган оилалар, 200 та карантин даврида ишсиз қолган, маълум даромадга эга бўлмаган оилалар рўйхати шакллантирилмоқда. Ушбу хонадонлар партия томонидан йил якунига қадар оталиққа олинади.

 

Нигора Эшметова,

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати.

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш