Наманган вилоят санитария-эпидемиология ва осойишталик марказида 7 нафар тиббиёт ходими фаолият юритмоқда. Улар: Дилфуза Мирзахолова, Шоҳсанам Иброҳимова, Анжела Юсупова, Нилуфар Раҳмонова, Матлуба Мансурова, Гавҳарой Ниашнова, Қизларой Бойдедаева, Ақида Эргашбоева.
Бугун бу етти тиббиётчини соғлом ҳаёт ҳалоскорлари сифатида эътироф этиб, етти жасорат соҳибига эл олқиши ва эҳтиромини изҳор қилишга бурчлимиз.
Коронавирус инфекциясини чекинтириш ва даф этиш чора-тадбирларини амалда уддалаётганларнинг олдинги сафларида айнан шу тиббиётчиларнинг ўрни беқиёс.
Рустамжон Ҳамроқулов раҳбарлигидаги мазкур жамоанинг номи тилга олинган моҳирлари куну тун ўз ҳалоскорлик постларида ҳушёр ва сергак.
Коронавирус юқумида гумон қилинган шахслардан анализ олиш, уларни вирусология лабораториясига етказиб бериш пандемия шароитида ғоят мураккаб тус олди, – дейди марказ врач бактериолог, ЎзХДП фаоли Гавҳар Нишанова – Ҳар биримизнинг оиламиз, фарзандларимиз бор. Лекин, эл бошига иш тушган бир паллада доимий ишимизга уйдан қатнаш билан фарзандларимизни ва бошқа яқинларимизни хатарга қўйишимиз мумкин. Шунинг учун оиламиз билан телефон орқалигина боғланиб, ҳол-аҳвол сўрашиб турибмиз.
Бизга касбий фаолиятимизни узлуксиз олиб боришимиз учун етарли шароитлар яратиб берилгани учун Президентимизга ва вилоятимиз раҳбарига чексиз ташаккуримизни изҳор қиламиз.
Гавҳарнинг айтишича, махсус ҳимоя кийимларини узлуксиз тайёрлаб, бошқа маиший хизматларни сифатли уддалаб келаётган кичик тиббиёт ҳамшираларидан жамоа бирдай хурсанд.
Қизларой Бойдадаева – энг ёш қизимиз. Ҳали у кутаётган оқ тулпорли шаҳзода йўлда. Шундай бўлса-да, у жамоа билан бир тан-бир жон бўлиб, кўринмас ёвни даф этиш учун сидқидил хизмат қилмоқда.
Носиржон ДЕҲҚОНОВ.
ЎзХДП Тарғиботчилар гуруҳи аъзоси