Беларусь дарёларидан Берлингача 56 биродардан жуда озимиз қолдик...
Беларусь дарёларидан  Берлингача 56 биродардан жуда озимиз қолдик...

 

9-май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан тинчлик учун шукроналар айтиб, ҳаёт бўлган қаҳрамонлар билан урушнинг дахшатли йиллари эсга олинади, тинчлик учун жон фидо этган инсонлар хотирланади. Aммо, бизнинг қаҳрамонимиз уруш йилларини эмас, балки унинг фақат бир кунини эсга олиш билан кўзларимиз ёшлайдилар. Улар айтган ҳикоядан сўнг урушнинг бир куни ҳам уруш эканлигига амин бўлдим.

Ўша пайтлар Фарғона вилоятининг Бешариқ кўчасида яшар эдик дея бошлади Маҳкамов Ғулом ота ўз ҳикоясини.

Эсимда, урушнинг сўнги йиллари эди. Ҳозир у ерлар Тожикистонга қарайди. Эндигина ўн саккизга кирган эдим. Колхозда секретар бўлиб ишлар эдим. Ҳар доимгидек ишларимни тугатиб уйга келдим, аммо бу кун ҳар доимгидек бўлмади. Бир амаки уйга хат олиб келди, қандай хатлигини айтолмади ҳам. Сабаби ҳаммага аён. Aмакининг қўлидаги мактуб қора хат эди. У Тўйчи аканинг ўлими ҳақидаги хабарни олиб келган экан. Тўйчи ака мендан тўрт ёш катта бўлиб, жуда ажойиб, фикри теран эди.

Биз уруш йиллари у инсоннинг уйида яшар эдик. Улар менга акамдек бўлиб қолган эдилар. Шунинг учун мен ўз жигаримни йўқотгандек қайғурдим, урушнинг шавқатсизлигидан нолидим. Ҳали бу хабарга кўникиб улгурмасимдан, иш жойимга бир кун бир инсон келди. Хабар беришича менинг навбатим келибди, мен ҳам урушнинг шавқатсиз майдони томон йўл олдим. Тез фурсатларда 56 киши бўлиб, ватан дея жанг майдонига йўл олдик. Биз тақдир тақазоси билан мен илк жангларимни бошлаган Беларусь дарёларидан то Берлингача жуда кўплаб жойларда хизмат қилдик. Биродарларим билан жуда кўп синовли кунларни бошдан кечирдик.

Урушнинг сўнги йиллари ҳам ниҳоясига етди. Май ойлари. Минг афсуски 56 нафар биродарларимдан жуда оз қисми ўз ватанига қайтишди. Минг афсуски қолганлари...

Ғулом ота кўзларида ёш билан сўзларини бошқа давом эттира олмаслигини айтиб, уруш мени жуда кўп яқинларимдан жудо қилди. Aйниқса Тўйчи акамдан. Уларнинг ҳозир фақатгина опаси тирик қолган. У аёл Тожикистонда, Булоқ деган қишлоқда яшайди, — деб хотирлади. — Уруш йилларини эсга олар эканман доимо Тўйчи акадан келган ўша қора хат ёдимга тушади, дея ўз сўзларини якунлади ота.

Маҳкамов Ғулом ота бугунги кунда Шайхонтоҳур тумани Лабзак маҳалласида истиқомат қилади. Тўрт қизи ва икки ўғлини олий маълумотли қилиб, бугунги кунда 12 нафар невара, 12 нафар чеваранинг суюкли бобоси бўлиб яшамоқда. Яқин кунларда 95 ёшни қарши оладиган ота биз ёшларга қарата фақат ва фақат тинчликни қадрига етишимиз керак эканлиги, миллатимиз учун яшамоғимиз керак эканлигини айтиб ўтдилар.

Aзиз ватандошим, биз бугун шунчаки кўраётган тонглар неча миллионлаб инсонларнинг умри, кўз ёшлари ва кутиши эвазига келган экан а?.. Тинч ва сокин кунларимиз қадрига етайлик, бизга ота- боболаримиздан мерос қолган юртимизни асраб-авайлайлик!


Ирода Абдуллаева,

Ўзбекистон ХДП Шайхонтоҳур туман кенгаши раиси.

← Рўйхатга қайтиш