Бир ойдан ортиқ давом этаётган карантин шароитида Президентимиз томонидан муаммолар ечимига аниқ йўналтирилган қарор ва фармонлари қабул қилинди. Хавфни бартараф этиш, халқ манфаатлари устуворлигини таъминлаш бўйича қатъий белгилаб берилган ушбу вазифалар юртимизни мураккаб шароитдан жиддий йўқотишларсиз олиб ўтишда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Бу жараёнда энг муҳими юртбошимиз пандемияга қарши курашиш юзасидан ҳаётий ташаббуслар билан чиқиб, давлат ва жамият имкониятлари ҳамда саъй-ҳаракатларини ягона мақсад йўлида бирлаштирди. Шу орқали “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ташкил этилди. Қадимдан ўзбек халқи саҳоватпеша, мард ва танти халқ бўлиб келган. Шу боисдан бу эзгу ташаббус халқимиз томонидан фаол қўллаб қувватланмоқда.
Мазкур хайрли ишларда Ўзбекистон Халқ демократик партияси кенгашлари ва депутатлари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Шу кунларда Шайхонтоҳур туманидаги 11-“Каттаховуз” сайлов округига қарашли Каттаховуз ва Сузукота маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳли депутат Азамат Гулямовдан миннатдор. Фуқаролар сайлов даврида унга ишонч билдириб янглишмаганлигини дилдан ҳис этишмоқда. Депутат бугун халқимиз бошидан кечираётган ушбу синовли кунларда ўз сайловчиларига елкадош бўлиб, маҳалла раислари билан биргаликда карантин тартиб-қоидаларига амал қилиб, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олмоқда.
Карантин даври давомида депутат томонидан Шайхонтоҳур туманидаги 500 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган оилаларга моддий ва маънавий кўмак берилди.
Туманда етказиб бериш фаолияти билан шуғулланаётган ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш кўлами оширилди.
- Бу синовли кунларда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам жабр кўрмаслиги зарур, - дейди депутат Азамат Гулямов. – Давлатимиз раҳбари ҳар бир мурожаатида ижтимоий ҳимояни таъминлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига эътибор қаратиб келмоқда. Шу боисдан халқ вакили сифатида президентимизга елкадош бўлиб, фуқароларимизнинг дарду ташвиши билан яшашимиз, моддий ва маънавий кўмак беришимиз лозим. Ахир уларнинг ишончи билан бугун юрт хизматидамиз.
Шу кунларда депутат томонидан маҳалла раислари кўмагида Каттаховуз ва Сузукота маҳаллаларидаги яна 50 та хонадон, яъни 27 та ижтимоий ҳимояга муҳтож, 23 та ногиронлиги бўлган оилалар рўйхати шакллантирилди. Ушбу хонадонлар депутат томонидан карантин даври якунига қадар оталиққа олинди.
Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши
Ахборот хизмати