Олтинсой туманида 1000 га яқин оилаларга тадбиркорлар кўмак бермоқда
Олтинсой туманида 1000 га яқин оилаларга тадбиркорлар кўмак бермоқда

 

Мамлакатимизда кўрилган қатъий чора-тадбирлар доирасида аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни моддий ва маънавий рағбатлантириш юртимизда кенг тус олди, уйда қолган халқимиз руҳиятини кўтарди.

Аммо карантин сабабли кўпгина корхоналар ўз фаолиятини тўхтатгани аҳоли ҳаётида ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Шу боисдан муҳтарам Президентимиз муборак Рамазон ойи арафасида ўтказган видеоселектор йиғилишида халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди.

Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати давомида, масалан, имкониятидан келиб чиқиб тадбиркор 10-20 та оилага кўмаклашиши, энг муҳими муҳтож оила аъзоларини ишга жалб қилиши мумкин. Ўз ўрнида давлат томонидан бу тадбиркорларга лизинг, кредит, солиқ тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича имтиёз ва преференциялар берилади. Яъни бу аҳолига давлат томонидан бериладиган саховат ва кўмак бўлади.

Ушбу жараёнда йирик корхоналар, фермерлар ва кластерлар ихтиёрий қатнашиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ушбу ташаббус савдо-саноат палатасининг жойлардаги бўлимлари, банклар, ижтимоий муҳофаза идоралари томонидан амалга оширилади.

Бугун вазиятга қараб карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиб бориш билан бир вақтда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатининг иш бошлаши нур устига аъло нурдир.

Мен ўз сайлов округимдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни таҳлил қилар эканман, бунда сайловчиларим билан доимий алоқада бўлиб турганим менга бу борада ёрдам берди.

Олтинсой туманида 176 минг 400 нафар аҳоли истиқомат қилади. Туманда оилалар сони 28 088 тани ташкил этади. Шундан, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар сони 290 та, кам таъминланган моддий ёрдам олувчилар ва 14 ёшгача нафақа олувчи оилалар сони 5047 тани ташкил этади, 46 нафар якка-ёлғиз кексаларимиз бор.

Шу кунгача 141 та эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Шунингдек, ҳозирги карантин билан боғлиқ вазиятдан келиб чиқиб, Олтинсой туманида 1000 га яқин оилаларга кўмак бериш учун тадбиркорлар бириктирилган.

Туманда 2769 та кичик бизнес субъектлари, 4 та кластерлар, 119 та пахтачилик ва ғаллачилик фермерлари бор. Бундан ташқари қўшма корхоналар, узумчилик, боғдорчилик фермер хўжаликлари ҳам фаолият юритади.

Дастлабки таҳлиллар “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини кенг қулоч ёйдириш учун Олтинсой туманида барча шароитлар мажудлигини кўрсатди.

Бу ишларни амалга ошириш, биз депутатлардан ҳам доимий сафарбарликни талаб қилади. Зеро, ҳар бир кўмакка муҳтож инсон умумхалқ ҳаракатининг эътибор ва мададини ўз ҳаётида чуқур ҳис этиши лозим.

Саховатпешалик, хайр-эҳсон кўрсатиш, ўзгага ёрдамлашиш каби фазилатлар азалдан халқимизнинг қон-қонига, жон жонига сингиб кетган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан бошланган умумхалқ ҳаракатида барча саховатпеша юртдошларимиз каби олтинсойлик ҳиммати баланд тадбиркорлар, азамат фермерлар, савобталаб сахий инсонлар ҳам фаол иштирок этишига ишонаман.


Ойбарчин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш