Барчамизга маълумки, бутун дунёда бўлгани каби, мамлакатимизда ҳам коронавирус касаллигига чалинганлар сони тобора кўпайиб бормоқда. Мазкур жараён барчамиздан ҳушёрлик ва огоҳликни янада кучайтиришни, карантин билан боғлиқ жорий этилган барча тартиб-қоидаларга сўзсиз ва қатъий амал қилишни талаб этмоқда.
Кундан кунга касалликка чалинганлар сони ортиб бориши билан бир қаторда улардан бутунлай соғайганлар сони ҳам ошиб бораётгани қувонарли ҳолдир. Албатта, барча амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳамда шифокорларимизнинг қаҳрамонона меҳнатлари эвазига бугунгача ушбу касалликка чалинган 200 нафарга яқин юртдошимиз тўлиқ тузалди.
Карантинга олинган фуқароларимизнинг ярмидан кўп қисми карантин давридан чиқарилиб, уйларига рухсат берилди.
Мамлакатимиздаги вазиятдан келиб чиқиб давлатимиз раҳбари томонидан Ҳукумат комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари олдига кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгилаб берилди.
Бу борада биринчи галда пандемия билан боғлиқ жараёнларнинг изидан қувиб эмас, балки унинг барвақт олдини олиш учун бор куч ва имкониятни ва барча ресурсларни сафарбар этиш масаласига эътибор қаратилди.
Ҳар томонлама вазиятни тўғри баҳолаган ҳолда бўлажак хавф-хатарларни, улар билан боғлиқ муаммоларни олдиндан прогноз қилиш эса уларнинг ечимига аниқ режа ва пухта чораларни кўришда ўз самарасини бериши айтиб ўтилди.
Касалликни ҳар қандай ҳолатда енгиб ўтиш, бунинг учун барча давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш масаласи бугун ҳар қачонгидан долзарб ҳисобланади. Шу боисдан давлатимиз раҳбари ушбу вазиятда ҳалқаро ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган қўшимча чораларни ишлаб чиқиш ва айниқса коронавирус пандемиясига қарши кураш борасида илғор тажрибага эга бўлган Хитой, Жанубий Корея, Россия, Исроил, Буюк Британия, Германия ва Япония каби мамлакатларнинг тажрибасини ўрганиш, уларнинг етакчи мутахассислари билан беморларни даволаш бўйича телемедицина орқали олиб бораётган мулоқотларни эндиликда бошқа илғор давлатлар билан амалга оширган ҳолда, уларнинг тавсияларини фаол жорий этиш бўйича топшириқларни берди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, энг асосий масала ижтимоий вазиятни тўғри баҳолаш ва вазиятни яхшилаш. Бу борада айниқса, ҳокимлар ва сектор раҳбарлари аҳолининг энг муҳим ҳаётий эҳтиёжларини тўлиқ таъминлаш, нарх-навонинг ошиб кетмаслигига эришиш ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар самарадорлигига алоҳида эътибор қаратиши, керак бўлса шахсан жавоб бериши шарт.
Айни пайтда, кам таъминланган, эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларга мурувват ва саховат кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, бу каби эзгу ташаббусларни кўпайтириш лозим.
Шу ўринда айтиш жоизки, коронавирус пандемиясига қарши кураш жараёнида Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Биргина Тошкент шаҳрида шу кунга қадар партия кенгашлари ва депутатлар томонидан 700 га яқин оилаларга мурувват ва саховат кўрсатилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди, уларни қўллаб-қувватлаш борасида озиқ-овқат махсулотлари ва тиббий гигиеник воситалар етказиб берилди. Бундан ташқари депутатлар томонидан деҳқон бозорлари ва озиқ-овқат дўконларидаги кундалик ҳаётий зарур бўлган махсулотларнинг нархини асоссиз ошиб кетишини олдини олишга қаратилган депутатлик назорати амалга ошириб келинмоқда.
Шуни айтиш керакки, пандемия ва карантин билан боғлиқ мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, фаолият юритаётган бирон-бир тизим тўхтаб қолгани йўқ. Бу борада депутатлар ҳам ўз фаоллигини намоён этмоқда.
Яна бир қувонарли томони шундаки, шу вақтга қадар мамлакатимизда та-лим тарбия ишлари масофадан туриб, онлайн режимда амалга оширилмаган эди. Бу борада ҳам ҳаётий тажрибага эга бўлиб бормоқдамиз. Ақлий меҳнат, таълим-тарбия билан боғлиқ фаолият турлари масофадан туриб, “онлайн” режимда олиб борилмоқда.
Юртдошларимизга шуни айтамизки, бугун ҳар қачонгидан-да бир тану бир жон бўлиб, уйда бўлинг. Албатта, уйда ўтириш осон иш эмас, лекин айни пайтда ўзимиз ва оила аъзоларимиз соғлиғини ва ҳаётини сақлаб қолиш учун энг мақбул восита сифатида шу тавсияга амал қилишга мажбурмиз.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, кўпни кўрган, турли синовларда тобланган мард ва матонатли халқимиз билан бу вақтинчалик қийинчиликларни биз, албатта, енгиб ўтамиз.
Аброр Қурбонов,
Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар
кенгаши раиси ўринбосари.