Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Сайёра Имомова Қорақалпоғистон Республикаси, Хўжайли туманидаги 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамда “Наврўз” маҳалласида бўлиб, ҳудуддаги ижтимоий масалалар, аҳоли мурожаатлари ва мавжуд шароитларни ўрганди.
Дастлаб, мактабгача таълим ташкилотида болалар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши, болаларни мактабга тайёрлаш курслари ҳамда улар учун яратилган хавфсиз ва қулай муҳит билан танишди.
Шундан сўнг “Наврўз” маҳалласида “маҳалла еттилиги” вакиллари ҳамда сайловчилар билан учрашув ўтказилди. Мулоқотда маҳаллада амалга оширилаётган ишлар, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди.
Бугунги кунда маҳаллада 76 та оила Ижтимоий реестрга киритилган. 25 та хонадонда ногиронлиги бўлган шахслар яшайди. Ҳудудда 2 та умумтаълим мактаби ва 2 та давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Маҳалланинг жиноятчиликдан холи ҳудуд сифатида эътироф этилгани эса фуқаролар осойишталигини таъминлаш борасидаги ижобий натижа сифатида қайд этилди.
Жараёнда сайловчиларнинг таклиф ва ташаббуслари ҳамда фаолият давомида дуч келаётган муаммолари ҳам тингланди.