Халқ депутатлари Олот туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутати, туман ҳокими Н. Нематова Пичоқчи маҳалласида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилалар даромадини ошириш борасидаги ишларни ўрганди.
Ўрганиш давомида ҳоким ёрдамчиси ва ижтимоий ходим фаолияти, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларига кўрсатилаётган хизматлар, маҳалла ички йўлларининг ҳолати ҳамда фуқароларни қийнаётган муаммолар кўриб чиқилди.
Маълумотларга кўра, маҳаллада 786 дан ортиқ оила истиқомат қилади. Уларнинг 23 таси Ижтимоий реестрга киритилган, 9 нафар фуқаро эса давлат томонидан тайинланган нафақа ва моддий ёрдам билан таъминланган.
Ўрганиш жараёнида камбағалликни қисқартиришда моддий кўмак билан бирга, оилалар учун доимий даромад манбаларини яратиш, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, эҳтиёжманд оилалар билан манзилли ишлаш, уларнинг муаммоларини индивидуал ўрганиш ва ижтимоий хизматлар самарадорлигини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон ХДП камбағалликни қисқартиришда аҳолининг доимий даромадга эга бўлиши, бандлик имкониятларини кенгайтириш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашни муҳим вазифа деб билади. Шу боис маҳаллаларда ижтимоий-иқтисодий ҳолатни ўрганиш ва мавжуд муаммоларга манзилли ечим топиш алоҳида аҳамиятга эга.
Ўрганиш якунида аниқланган муаммоларни бартараф этиш, аҳоли мурожаатлари асосида тегишли чораларни белгилаш ҳамда масъул ходимлар фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан вазифалар белгиланди.