Минтақавий ҳамкорлик ва халқларимиз фаровонлиги
Минтақавий ҳамкорлик ва халқларимиз фаровонлиги

 

Туркманистонда Марказий Осиё ва Озарбайжон давлатлари раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви юқори самарадорлик билан ўтди. Минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт, энергетика, сув ресурслари, экология ва технологик тараққиёт соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Президенти Маслаҳат учрашувидаги нутқида минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ҳаётий таклифларни илгари сурди. Жумладан, транспорт-логистика, саноат, энергетика ва рақамли технологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик ташаббуслари ягона Марказий Осиё учун янги иқтисодий имкониятлар яратишга хизмат қилиши табиий. Бу жараён иқтисодий ўсиш билан бир қаторда ижтимоий ҳаётга ҳам катта таъсир ўтказади. Яъни, йирик лойиҳалар нафақат савдо ҳажми ва инвестициялар кўпайишига, балки аҳоли бандлиги, касбий малакаси ва даромадлари ўсишига ҳам олиб келади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси нуқтаи назаридан минтақавий ҳамкорликнинг аҳамияти, аввало, унинг инсонлар ҳаётига бевосита таъсири билан белгиланади. Давлатлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланиши янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш, ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш ҳамда фуқаролар учун муносиб турмуш шароитларини таъминлашга хизмат қилади.

Маслаҳат учрашувида Ўзбекистон томони илгари сурган “Олти иқтисодиёт – битта маҳсулот” тамойили Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз. Бу ёндашув одатий савдо-сотиқдан ташқари, қўшма корхоналар ташкил этиш, замонавий технологияларни жорий қилиш, хомашёни чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни назарда тутади.

Энг муҳими, бундай ҳамкорлик аҳоли даромадларини ошириш ва минтақавий бозорларда рақобатбардошликни кучайтириш учун замин яратади.

Ташриф доирасида Ўзбекистон – Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳамда саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги каби соҳаларда Кооперация дастурини қабул қилиш ва уни икки мамлакат ҳудудлари даражасида ҳам амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди. Икки томон Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини тузиш тўғрисидаги битимни имзолагани юқори ижтимоий аҳамиятга эгадир.

Хулоса қилиб айтганда, Марказий Осиё ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши нафақат давлатлараро иқтисодий муносабатларини ривожлантириш, балки минтақада тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш учун ҳам кенг имкониятдир.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш