Қўллаб-қувватлаш янада манзилли бўлади
Қўллаб-қувватлаш янада манзилли бўлади

 

Куз-қиш мавсумида аҳолини, айниқса, эҳтиёжманд оилаларни ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш долзарб ижтимоий аҳамиятга эга. Чунки ҳаво салқинлаша бошлаши билан айрим оилалар бу йил қандай бўларкин, деган саволга жавоб излайди.

Президент ҳузурида кўриб чиқилиб, маъқулланган таклифлар аҳолининг мавсумий харажатларини енгиллаштириш, ижтимоий ёрдам қамровини кенгайтириш ва уни манзилли етказишга қаратилгани билан муҳимдир. Партиямиз ҳам эҳтиёжманд оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ ташаббусларга ҳар доим камарбаста бўлади.

Бугунги кунда жаҳондаги геосиёсий кескинлик, энергия ресурслари ва хомашё нархларининг ўсиши аҳоли харажатларига ҳам таъсир кўрсатаётгани бор гап. Бундай шароитда ижтимоий ҳимоя чораларини аниқ эҳтиёждан келиб чиқиб белгилаш, айниқса, даромади юқори бўлмаган ва қиш мавсумида қўшимча харажатлари ортадиган оилаларни қўллаб-қувватлаш лозим. Шу нуқтаи назардан, газлаштирилмаган ёки табиий газ етиб бормаган ҳудудларда иситиш учун электр энергиясидан фойдаланадиган аҳоли учун базавий меъёрнинг 200 киловатт-соатдан 350 киловатт-соатга оширилиши ҳаётий аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, декабрь ойида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам ажратиш масаласининг кўриб чиқилиши ҳам мавсумий харажатларни қоплашда қўшимча кўмак бўлади. Ижтимоий реестрга кирмаган, аммо амалда ёрдамга муҳтож оилаларни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик муҳим. Шу мақсадда бундай оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган даромад мезонини 1 миллион 430 минг сўмгача ошириш орқали қўллаб-қувватлаш қамровини яна 166 минг оилага кенгайтириш имкон бўлади. Бу ёндашув ижтимоий ёрдамни фақат мавжуд рўйхатлар билан чеклаб қўймасдан, аҳолининг реал даромад ва эҳтиёжларини ҳам ҳисобга олиш зарурлигини кўрсатади.

Электр энергияси ва газ бўйича базавий меъёрдан ортиқ истеъмол харажатларининг бир қисмини қоплаш муддатини 2028 йил 1 апрелгача узайтириш орқали бир йилда 470 минг оилани қамраб олиш назарда тутилмоқда.

Албатта, белгиланган вазифа ва чораларнинг натижадорлиги, ҳудудларда, маҳаллаларда сифатли амалга оширилиши – долзарб масала. Ёрдам учун ажратилган маблағлар ўз вақтида етказилиши, эҳтиёжманд оилалар тўғри аниқланиши ва белгиланган мезонлар амалда бир хил қўлланилиши ҳам муҳим. Депутатларимиз бу жараёнларда парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш, аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар асосида ишлашга алоҳида эътибор қаратади.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш