Инсоннинг эркин ҳаракатланиши ва жамият ҳаётида тенг иштирок этиши унинг энг муҳим ҳуқуқларидан биридир. Айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар учун кўча, йўлак, жамоат транспорти, таълим, тиббиёт ва бошқа ижтимоий объектларда эркин ҳаракат қилиши уларнинг мустақил ҳаёт кечириши учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис қулай ва тўсиқсиз муҳит яратиш фақат инфратузилма масаласи эмас, балки ижтимоий адолат масаласидир.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашни ўзининг устувор вазифаларидан бири, деб билади. Бугун мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида инклюзив муҳитни шакллантиришга эътибор ҳар қачонгидан кучли.
Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳи йиғилишида ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсиқсиз ҳаракатланиши, инфратузилма ва хизматлардан эркин фойдаланишига тўсқинлик қилаётган муаммолар таҳлил қилинди.
Йиғилишда депутатлар пиёдалар йўлакларининг ҳолати, пандуслар, лифтлар, махсус белгилар, светофорлар ва жамоат транспортининг мослаштирилганлиги масаласига эътибор қаратишди. Айниқса, ер юзининг турли минтақаларидан миллионлаб туристларни ўзига жалб қиладиган тарихий қадамжоларда ногиронлиги бўлган инсонлар қандай ҳаракат қилиши алоҳида эътибор марказида бўлди.
Ижтимоий инспекциянинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан тақдим этилган маълумотга асосан, кўплаб тарихий обидаларда ногиронлиги бўлган шахслар эркин ҳаракатланиши учун етарли даражада шароит яратилмаган. Янги ва тарихий объектлар инфратузилмасини босқичма-босқич мослаштиришга эҳтиёж борлиги маълум қилинди.
Йиғилишда депутатлар тарихий обидаларда тўсиқсиз муҳит яратилиши ички ва ташқи туризмни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлашди. Шунингдек, Халқ демократик партияси депутатлари мазкур йўналишдаги амалий ишлар устидан қатъий депутатлик назоратини ўрнатишини маълум қилишди.