Бугун юртимизда Янги ўқув йили кўтаринки кайфият билан бошланди. Республика бўйича 11 минг 178 умумтаълим мактабида Билимлар кунига бағишланган тантанали тадбирлар ўтказилди. Уларда жами 5,8 миллион нафар ўқувчи, жумладан, биринчи синфга қадам қўйган болаларнинг ота-оналари биргаликда иштирок этди.
Янада қувонарлиси, жорий йилда биринчи синфга 800 минг нафардан ортиқ ўқувчи қадам қўйди.
Қадрли устоз ва мураббийлар, азиз ўқувчи ва талабалар!
Сизларни, сизлар орқали бутун халқимизни жонажон Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ айёми ҳамда қалбларимизга чексиз қувонч ва янги орзу-умидлар бағишлаб кириб келган қутлуғ ва масъулиятли давр — Билимлар куни ва янги ўқув йили бошланиши билан Ўзбекистон Халқ демократик партияси номидан чин қалбдан муборакбод этаман.
Янги ўқув йилини Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги улуғвор қадамлар ва халқимизнинг ижтимоий фаровонлигини юксалтиришга қаратилган стратегик ўзгаришлар муҳитида кутиб олаяпмиз.
Халқ демократик партияси инсон капиталини ривожлантиришни, ҳар бир фуқаро учун сифатли ва бепул таълим олиш имкониятини яратишни ижтимоий давлатнинг энг устувор вазифаси, деб билади. Таълимга киритилган инвестиция жамиятнинг келажагига, унинг барқарор тараққиётига қўйилган энг мустаҳкам пойдевордир.
Бугун фақатгина чуқур билим, замонавий касб-ҳунар ва юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлган ёшларгина ҳаётда ўз муносиб ўрнини топа олади. Азиз ўғил-қизларимиз янги ўқув йилида утсозларини, ота-оналарини қувонтирадиган ютуқ ва натижаларга эришишига тилакдошмиз!
Янги ўқув йили қутлуғ ва сермаҳсул бўлсин!
Улуғбек Иноятов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари.