Оталар жасоратига эҳтиром
Оталар жасоратига эҳтиром

 

Наманганлик Аҳмадали ота 95 ёшни қарши олди. Ота элликдан зиёд набираю эваралари даврасида, эл-юрт эъзозида. Ўзидан кўпайишиб, эл ўртасида обрў эътибор қозонган 3 ўғил ва уч қизи оила аъзолари билан ташриф буюрганида Аҳмадали отанинг хонадони тўйхонага айланади.

1941 йилда кўнгиллилар сафида Ватан ҳимоясига отланган 20 ёшли суқсурдай йигит кўплаб ҳамюртлари қатори фронтга отланганида Куйбишевдаги махсус тайёргарлик батальонида бир ҳафталик ўқув амалиётидан сўнг поездга ўтириб, Москва ҳудудидаги Саратов вилоятидан кўприкчилар махсус батальони таркибида жангга киради. Руминия, Кавказ, Арманистон худудларидаги аёвсиз жангларда иштирок этиб, ғалабани Чехославакияда кутиб олишга муваффақ бўлади.

Урушнинг бирор дақиқаси йўқки, хотиржам тин олишга имкон берса, бирор сонияси йўқки қурбонсиз ўтса, — дейди отахон ўйчан тикилиб. - Фарғоналик дўстим оддий аскар Мамажоновни Чехославакияга ёриб кириш жангларининг бирида душман ўқига бой бериб қўйганим, газандаларни чекинтириб, Чехославакия марказидаги бир бино пештоқига зафар байроғини тикаётган қуролдошим ҳам душман ўқидан нобуд бўлгани ҳали-ҳануз ичимни зирқиратиб, оғритади.

Биз фашист газандаларидан озод қилган жойларда омон қолган болаларни, қарияларни Ўзбекистонга эвакуация қилиниши ўшандаёқ ичимда ифтихор уйғотарди.

Ҳайрият, менинг юртим Ўзбекистон урушдан жабрланганларга паноҳ бўлмоқда. Эвакуация қилинганлар билан биргаликда бизнинг қишлоқларга ҳам яхши хабарлар етиб боряпган бўлса керак. Ҳар ҳолда ота-оналаримиз хиёл бўлса ҳам кўнгли тўлиб, ғалабага янаям ишонишаётганини ўйлардим.

Жангларнинг бирида фашистлар ўқи мени ҳам оғир яралади. Чап кўзимдан айрилдим.

Одамнинг боши Аллоҳнинг тоши, деб бежиз айтилмаган. Бош эсон бўлса қўлсиз ё оёқсиз, кўздан айрилиб ҳам яшаш мумкин экан.

Ўқийдиган, илм оладиган ёшлик пайтларимиз урушнинг ўлим тахлика солган ўқ ёмғирлари остида қолиб кетди. Худога шукурки, чеккан машаққатларимиз зое кетмаган экан. Бугунги фаровонлик, осойишталикни кўриб, айниқса, ҳукуматимизнинг, шахсан Президентимизнинг кўрсатаётган ғамхўрликлари, бунча имтиёзлар, мукофоту рағбатлар ҳар қанча шукронага арзирли. Икки марта Ҳаж зиёратини адо этиш бахтига муяссар бўлдим.

Эртаю кеч дуодаман, Юртимизга, тинчлигимизга кўз тегмасин. Болаларимиз бахтли яшашсин!

Аҳмаджон ота Мамадалиев, қайта-қайта дуога қўл очиб, эзгу тилаклар билан ўз хотираларини ўртоқлашдилар.


Носиржон ДЕҲҚОНОВ

← Рўйхатга қайтиш