Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Фракция йиғилишида миграция соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар тўғрисида, шунингдек, фуқароларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Дастлаб, хорижий тиллардан ўзлашган баъзи тушунчалар ва юридик атамаларни давлат тилидаги муқобили билан алмаштириш орқали уларни ягона шаклга келтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Хусусан, амалдаги қонунларда акс этган “аванс”, “маркировка”, “маршрут”, “светофор”, “парол”, “прогрессив” сўзларини ўзбек тилидаги муқобили сифатида “бўнак” “тамғалаш” “йўналиш” “йўлчироқ”, “ўрон” ва “илғор” сўзларига алмаштирилаётгани ҳақида ахборот берилиб, ушбу қонун лойиҳаси қонун ҳужжатларидаги баъзи тушунчалар ва юридик атамаларнинг қўлланилиши борасида юзага келган ноаниқликларни бартараф этишга, уларнинг ягона шаклда қўлланилишига хизмат қилиши таъкидланди.
Йиғилишда фуқароларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал кўриб чиқилди.
Қонун ижодкорларининг фикрига кўра, бугунги кунда фуқаролар яшаб турган жойида рўйхатдан ўтишда ортиқча маъмурий тўсиқларга дуч келмоқда.
Лойиҳанинг қабул қилиниши фуқароларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасида давлат хизматларини янада енгиллаштириш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ягоналигини таъминлашга хизмат қилади.
Энг муҳими, мазкур қонун билан аҳоли учун қўшимча чекловлар эмас, аксинча, амалда мавжуд бўлган ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилади.
Шунингдек, кун тартибига мувофиқ, “Наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан кенг муҳокама қилинди.
Ташаббускорлар амалдаги қонуннинг 25 йил аввал ишлаб чиқилгани, уни бугунги ҳаётий вазиятларга дахлдор ҳолатлар учун янада такомиллаштириш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар қонуний муомаласининг назоратини кучайтириш, ёшлар орасида уларнинг истеъмоли оммалашиб бораётганига қарши кескин кураш олиб бориш, соҳага рақамли бошқарув тизимини кенг жорий этиш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ва прекурсорларнинг муомаласи устидан давлат назоратини тўлиқ ўрнатиш – мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати сифатида тушунтирди.
Қуйидаги биргина статистика ҳам қонун лойиҳасининг долзарблигини яхшироқ англашимизга ёрдам беради. Жумладан, БМТнинг маълумотларига кўра, ҳозирда дунёда 300 млн.га яқин шахс гиёҳвандликка чалинган бўлиб, шундан аксарият қисми 30 ёшгача бўлган ёшларни ташкил этмоқда. Бундан ташқари, дунёда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи психофаол моддалар истеъмолчилари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Депутатлар қонун лойиҳасининг долзарблигини таъкидлашди. Шу билан бирга айрим таклифларни билдириб, фикр-мулоҳазалар айтишди.
Жумладан, фракциямиз аъзоси З.Зоҳидов гиёҳванд модда истеъмол қилган шахслар электрон ахборот базасида рўйхатда турувчи фуқароларга келгусида уларга ҳайдовчилик гувоҳномаси бериш тартибини қайта кўриб чиқиш таклифи илгари сурилди.
Депутат С.Имомова четдан олиб кирилаётган наркотиклар, алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар ва прекурсорларга қонунчиликда қандай қатъий меъёр ва чекловлар белгилангани тўғрисида савол билан юзланди. Депутат А.Темиров эса наркожиноятларга қарши курашишни тарғиб қилган фуқароларни рағбатлантириш механизми янги қонун лойиҳасида қандай акс эттирилаётгани билан қизиқди.
Шу ўринда фракциямизнинг яна бир аъзоси Қ.Қосимова тиббиётда ҳам жуда кўплаб дори-дармон воситалари таркибида ушбу моддалар бўлишини, мазкур қонун лойиҳаси уларнинг тиббий мақсадларда фойдаланишини чекламаслиги лозимлигини таъкидлади.
Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг, фракция аъзолари томонидан қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан маъқулланиб, иккинчи ўқишга тайёрлашда айрим нормаларни янада такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида эса кун тартибидаги масалалар бўйича фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.