Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Фракция йиғилишида фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини Конституциявий суд томонидан ҳимоя қилишни такомиллаштириш, кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш, капитал бозори тўғрисида, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат тузилмалари ходимларининг формали кийим-бошидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритишга қаратилган қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектини улуш киритиш асосида қуриш соҳасини тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида ўрин олган турар-жойларни қуришда жалб қилинган аҳоли маблағларини ҳимоя қилиш кафолатларини яратиш вазифасига ҳамоҳанг ишлаб чиқилган. Шу сабабдан фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳасини синчковлик билан муҳокамадан ўтказишди.
Қонун лойиҳаси қурувчилар ва уй-жой харид қилувчилар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш, томонларнинг мажбуриятларини аниқ белгилаш, шартномаларда тенг ҳуқуқлилик тамойилини таъминлаш, фуқароларнинг уй-жой олиш учун йўналтирилган маблағларини кафолатли ҳимоялаш каби масалаларга ечим бўлиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, қонун лойиҳаси кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини қуришга жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларини жалб қилиш билан боғлиқ муносабатларни такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Депутатлар аҳоли маблағларини ҳимоя қилиш, қурувчи ташкилотларнинг масъулиятини кучайтириш долзарб масала эканини таъкидлашди. Қонун ижодкорларининг келтиришича, 129 та қурувчи ва улушдорлар ўртасида тузилган шартномалар таҳлил қилинган, 84 фоиз шартномаларда қурилиш объектининг кафолат муддати белгиланмагани, 80 фоиз шартномаларда эса қайта ҳисоб-китоб қилишда қурувчиларга устуворлик берилгани, фақатгина 20 фоизида тарафларнинг ҳуқуқлари инобатга олингани, 51 фоиз шартномаларда объектни топшириш муддати кечикканда қурувчининг жавобгарлиги белгиланмаганлиги, қурувчилар ва улушдорлар ўртасидаги шартномаларнинг рўйхатга олинмай қолиши каби камчиликлар тизимли тус олган.
Фракциямиз аъзоси Анвархон Темров янги тартиб жорий этилиши ортидан юзага келадиган айрим чекловлар уй-жой нархларининг ошишига олиб келмайдими, деган савол билан мурожаат қилди.
Масъуллар уй-жой нархлари кўтарилиши мумкинлиги прогноз қилинаётганини яширишмади. Тартибларни айрим чекловлар билан қатъий ўрнатишдан мақсад аҳоли маблағлари ҳимоясини кафолатлаш экани билдирилди.
Қизғин савол-жавоблардан сўнг кўриб чиқилган масалалар бўйича фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.