Ўзбекистон том маънода ёшлар юртига айланаётгани яратилаётган янги қулайлик ва имкониятларда ҳам яққол кўринмоқда.
Кейинги йилларда юртимизда ёшлар билан ишлаш бўйича дунёда ўхшаши кам бўлган вертикал бошқарув тизими, ўзига хос янги институт яратилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Мазкур тизим, яъни маҳаллалардаги ёшлар етакчилари орқали йигит-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари самарали ҳал этилмоқда. Хусусан, биргина “Ёшлар дафтари” орқали 1,5 миллион нафар ёшнинг муаммосига ечим топилгани ҳам бу институтнинг ҳаётийлигини кўрсатмоқда.
Давлат раҳбарининг байрам муносабати билан бутун республика ёшлари вакиллари билан кўтаринки руҳда ўтказилган мулоқоти айни жиҳатдан ҳам муҳимдир. Ушбу мулоқот давомида ёшларни қўллаб-қувватлаш тизимининг олдида турган энг долзарб вазифалар ҳам белгилаб берилди.
Мулоқотда ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 50 дан ортиқ ташаббус илгари сурилди. Шу орқали ҳар бир маҳалладаги ёшларни ўйлантираётган масалалар бўйича ечимлар таклиф қилинди. Уларнинг барчаси янги имкониятлар эшигини очишга хизмат қилади.
Мулоқотда бугунги куннинг муваффақият формуласи, эртанги тараққиётнинг мустаҳкам замини учта энг муҳим устунга – билим, касб ва технологияга таяниши таъкидланди. Дарҳақиқат, жамият ҳаёти илм-фан ва илғор технологиялар ютуқлари билан фаол трансформация бўлаётган, бутун дунёда рақобат кучайиб бораётган ҳозирги даврда билимга, касбга ва технологияга суянган ёшлар ютуқларга эриша олади.
Қайси бир соҳа, қай бир йўналишни олмайлик, ёшларга аввало билим, ишончли касб ва албатта, технологияга кўникма зарур бўлмоқда. Бошқача айтганда, ёшлар мана шу 3 та устун орқалигина ўзини намоён этишга, оиласига, эл-юртига хизмат қилишга қодир инсонга айланади.
Мулоқотда ҳар бир йигит-қиз имкониятларга эга бўлиб, ҳаётда муносиб ўрнини топсин, деган улуғ ният билдирилди. Мамлакат ёшлари билан мулоқот асносида илгари сурилган барча ташаббусларни ана шундай эзгу мақсад бирлаштириб турибди.
Ҳар йили 500 минг ўғил-қизнинг замонавий касбга эга бўлишини таъминлайдиган “Келажак билимлари экотизими” йўлга қўйилиши белгиланди.
Бу тизим ёшларнинг меҳнат бозорида рақобатбардошлигини кучайтириш, муносиб иш ўринларига эга бўлишини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳолатидан қатъий назар, уларга тенг ва кенг имкониятлар яратилаётганидан далолат бўлади.
Ҳар йили 500 минг ўғил-қизнинг замонавий касб эгаллаши – катта мақсад. Унга эришиш мутасадди давлат идораларига, айни пайтда, парламентимиз, депутатларимиз зиммасига катта масъулият юклайди.
Айниқса, Халқ демократик партияси учун ёшларнинг касб-ҳунарли бўлиши, жамиятда ижтимоий-иқтисодий фаол қатламга айланиши муҳим сиёсий маслак ҳисобланади. Шунинг учун республикадаги ташкилотларимиз, барча даражадаги депутатлик корпусимиз билан бирга изчил депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатишни режалаштирдик.
Чуқур билимга эга, замонавий технологияларни тушунган, маълум бир касбнинг устаси бўлган ёшлар Янги Ўзбекистон тараққиётининг барқарор ва жадал бўлишига замин яратади.
Улуғбек Иноятов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.