Халқ депутатлари Юнусобод туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутати Санжар Собиржонов томонидан Беғубор маҳалласида жойлашган 173-сонли мактабгача таълим ташкилоти фаолияти ўрганилди.
Ўрганиш давомида муассаса биносидаги дераза ва эшик ромларининг эскиргани, айрим қисмларининг техник ҳолати талаб даражасида эмаслиги аниқланди. Мазкур ҳолат куз-қиш мавсумида хоналарда иссиқликни сақлаш ҳамда тарбияланувчилар учун қулай ва хавфсиз шароит яратишга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги қайд этилди.
Аниқланган муаммо юзасидан Юнусобод туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига депутат сўрови юборилди. Унда муассаса биносидаги дераза ва эшик ромлари ҳолатини мутахассислар иштирокида ўрганиш, эскирган қисмларни таъмирлаш ёки алмаштириш бўйича зарур чораларни кўриш масаласи кўтарилди.
Мазкур масала болалар учун хавфсиз ва қулай таълим-тарбия муҳитини яратиш мақсадида депутатлик назоратига олинди.