Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари ҳамда фракция фаолиятига оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда дастлаб “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда тадбиркорлик субъектлари учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бироқ амалиётда хўжалик шартномалари бўйича қарздорликларни ундириш жараёнларида суд қарорлари ижросининг кечикиши билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда.
Хусусан, амалдаги тартибга кўра, биринчи инстанция суди қароридан шикоят берилганда юқори инстанция суди унинг ижросини тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга. Бу эса суд қарорининг қонуний кучига ишониб фаолият юритаётган тадбиркорларнинг маблағларини ўз вақтида ундириб олишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Қонун лойиҳаси билан иқтисодий судлар қабул қилган қарорлар ижросини юқори инстанцияда тўхтатиб туришнинг аниқ асосларини белгилаш назарда тутилмоқда.
Масала юзасидан сўзга чиққан лойиҳага масъул депутат Зулайҳо Акрамова мазкур ташаббус тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, фракция аъзоларини қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашга чақирди.
Шундан сўнг йиғилишда бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама марказида бўлди.
Ҳужжат билан бир қатор қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда. Лойиҳада давлат харидларида товар ва хизматлар нархининг ўртача бозор нархидан асоссиз оширилишига қарши таъсирчан ҳуқуқий механизмларни жорий этиш назарда тутилган. Шунингдек, давлат харидларида белгиланган нарх тафовути чегарасини бузган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жарима қўллаш тартиби белгиланмоқда.
Муҳокамаларда сўз олган фракция аъзоси Шокиржон Аҳмедов давлат маблағларидан самарасиз фойдаланиш ҳолатлари юзасидан жавобгарлик чораларини кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, давлат харидлари соҳасида қонунбузилишларга нисбатан белгиланаётган жарималарнинг таъсирчанлигини қайта кўриб чиқиш лозим. Шу билан бирга, депутат жазо чораларини белгилашда эҳтиётсизлик ёки малака етишмаслиги оқибатида йўл қўйилган хатолар билан қасддан содир этилган ҳуқуқбузарликларни аниқ фарқлаш зарурлигини ҳам таъкидлади.
Фракция аъзоси Зуҳра Шодиева эса давлат харидларида ўртача бозор нархи ва йўл қўйиладиган нарх тафовутининг аниқ мезонларини белгилаш масаласига эътибор қаратди. Унинг фикрича, турли товар ва хизматлар учун ягона 20 фоизлик чегара белгилаш амалиётини ҳуқуқий жиҳатдан аниқлаштириш талаб этилади.
Муҳокамалар жараёнида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги айрим ваколатларни қайта тақсимлаш масаласи ҳам кўтарилди. Депутат Фирдавс Шарипов коррупцияга қарши назоратга оид айрим нормаларнинг қонундан чиқарилаётгани сабабларига изоҳ сўради.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари бу нормалар такрорланувчи хусусият касб этганини, шунингдек, сўнгги ислоҳотлар асосида давлат органларида ички назорат ва комплаенс тузилмалари алоҳида шакллантирилганини билдирди. Шу муносабат билан, айрим мувофиқлаштирувчи ваколатларни қайта кўриб чиқиш зарурати туғилгани таъкидланди.
Йиғилиш якунида кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.