Сайлов шундай жараёнки, унда партиянинг ҳар бир тузилмаси зиммасига жиддий масъулият юкланади. Сайлов кампаниясининг партия учун муваффақиятли бўлиши ана шу масъулиятли вазифалар қай даражада амалга оширилиши билан бевосита боғлиқ.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фарғона вилоят кенгаши томонидан “Бошланғич партия ташкилотларининг сайловолди дастурини тайёрлашдаги иштирокини кучайтириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда партия фахрийлари, маҳаллий партия кенгашлари, БПТ раислари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Давра суҳбатида бошланғич партия ташкилотларининг сайловолди дастурини тайёрлашдаги иштирокини кучайтириш масаласи муҳокама этилди.
Таъкидландики, сиёсий партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини халққа етказиш, уни кенг тарғиб қилиш, хайрихоҳларини кўпайтиришда бошланғич партия ташкилотларининг ўрни катта. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, сайлов жараёнларида қуйи бўғин зиммасига янада масъулиятли вазифалар юкланади. Айниқса, сайловолди тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, партия Дастури ва Сайловолди дастури ҳақида аъзоларни хабардор қилиш, партия сафини янги аъзоларни қабул қилишда бошланғич ташкилотларнинг алоҳида ўрни бор.
Дилбар Мамажонова, ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси:
– Ҳозир барча ҳудудлардаги партия ташкилотларимизда партиямизнинг янги Дастури ва Сайловолди дастури кенг муҳокама қилиниб, таклифлар олинмоқда. Фикримча, ана шундай тадбирларни кўпроқ қуйи бўғинларда ўтказилишимиз керак. Негаки, улар фуқаролар билан ҳамнафас бўлиб, турмуши, қувончу ташвишларидан яхши хабардор бўлади. Хайрихоҳларимизни ўйлантираётган муаммоларни чуқур билади. Демак, ижтимоий масалаларни ҳал этиш юзасидан муқобил таклифлар айта олади. Биз бугунги тадбиримизни ҳам шу мақсадда ташкил қилдик. Тайёрланаётган янги Сайловолди дастурини бошланғич партия ташкилотларимизда кенг муҳокама қилиш бўйича режа ва тавсиялар ишлаб чиқдик.
Йиғилиш давомида Марғилон шаҳридан келган БПТ етакчиси Абдуҳолиқ Каримов янги Сайловолди дастурига ўз таклифини берди:
– Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 июлдаги “Шахсларнинг айрим тоифаларини имтиёзли асосда дори воситалари билан таъминлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан мулкчилик шаклидан қатъий назар барча дорихоналарда қарор билан тасдиқланган рўйхатдаги фуқароларга имтиёзли рецепт асосида дори воситаларини сотишлари белгиланган. Лекин шундай бўлсада, айрим хусусий дорихоналар томонидан бу борада умуман имтиёзли рецептлар амалда қабул қилинмайди. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, партиянинг Сайловолди дастурига дори-дармон воситалари савдосини тартибга солиш, ҳудудларда ижтимоий дорихоналар тармоғини кенгайтириш бўйича муҳим масалаларни киритиш керак, деб ўйлайман.
Тадбир қизғин баҳс-мунозаралар билан давом этди. Музокараларда сўзга чиққан Ўзбекистон ХДП Фарғона шаҳар кенгашининг туғруқ комплексидаги БПТ етакчиси Х.Закирова, Ўзбекистон ХДП Марғилон шаҳар кенгаши раиси М.Мирзаев хусусий уй-жой мулкдорлар ширкатлари фаолиятини кўчайтириш, ногиронликни олдини олиш бўйича репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича жойлардаги камчиликларни бартараф этишда жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди.Шунингдек, янги Сайловолди дастурига кўзи ожизларни ижтимоий ҳимоя ва реабилитация қилиш, кўзи ожизлар мактаб-интернатларида спорт турлари кўламини кенгайтириш, улар учун ўқув қуроллари, компьютер техникалари, ёрдамчи ўқув ва техник воситалар, аудио китоблар билан тўлиқ таъминланишини ташкил этиш масаласига ҳам эътиборни кучайтириш кераклиги айтиб ўтилди..
Ўзбекистон ХДП Данғара туман кенгаши раиси З.Хамролиева минимал давлат ижтимоий стандартларини белгилаш тартибини ишлаб чиқиш ҳамда ҳудудларнинг демографияси, турмуш даражаси ва ижтимоий ривожланишини инобатга олиб, аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган “истеъмол саватчаси” тамойилини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалиётда кенг қўллаш механизмларини такомиллаштириш таклифи билан чиқди.
Билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, экспертлар гуруҳига тақдим этиладиган бўлди.
ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати.