Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан навбатдаги ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Унда партиянинг ҳудудий ташкилотлари, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик бирлашмаларини ҳудудлардаги муаммоларни аниқлаб, таҳлил қилиб, ҳуқуқий асосланган таклифга айлантира оладиган сиёсий субъектга айлантириш вазифаси ҳақида сўз юритилди.
Дарҳақиқат, қонун ижодкорлиги жараёни жойлардаги ҳаётий муаммолардан бошланиши керак. Амалиётда эса кўп ҳолларда бу масалалар етарлича таҳлил қилинмагани сабабли ўз ечимини тополмаяпти.
Ўқувда жамоатчилик назорати масаласига янгича ёндашув зарурлиги, энди унга формал текширув эмас, балки аниқ натижага йўналтирилган тизимли механизм сифатида қаралиши таъкидланди.
Жумладан, давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги мавжуд ҳолат, болалар хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилиб, ягона мезон асосида, танқидий руҳда таҳлил қилиниши белгиланди.
Шунингдек, натижалар жамоатчилик эшитувларида очиқ ва қизғин муҳокама қилиниши билдирилди.
Мазкур ўқув партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолияти самарадорлигини ошириш, ҳудудлардаги кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш орқали электорат манфаатларини янада қатъий ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.