Президент Шавкат Мирзиёевнинг Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг таклифига биноан ушбу мамлакатга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар тарихида янги босқични бошлаб берди.
Исломобод шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон–Покистон Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши олий даражадаги сиёсий мулоқотни институционал асосга кўчирди. Бу эса икки томонлама келишувларнинг тизимли амалга оширилиши ва парламентлараро ҳамкорликни янада фаоллаштириш учун мустаҳкам замин яратди.
Музокаралар жараёнида иқтисодий ҳамкорлик асосий устувор йўналиш сифатида белгилаб олинди. Сўнгги беш йилда ўзаро савдо ҳажмининг 2,5 бараварга ошгани ва яқин келажакда уни 2 миллиард долларга етказиш вазифасининг қўйилиши икки мамлакат иқтисодий салоҳиятининг ўзаро уйғун эканини кўрсатади.
Қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика, электротехника, тоғ-кон ва озиқ-овқат саноати соҳаларида умумий қиймати 3,5 миллиард долларга тенг бўлган инвестиция ва кооперация лойиҳалари портфели шакллантирилди.
Транспорт ва логистика соҳасидаги келишувлар, айниқса Трансафғон темир йўли ҳамда минтақавий транспорт йўлакларини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё бозорларига чиқиш стратегиясида Покистоннинг муҳим ҳамкор эканини яққол намоён этди. Бу лойиҳалар нафақат иқтисодий, балки геостратегик аҳамиятга ҳам эга.
Ташриф доирасида имзоланган кўплаб ҳужжатлар — имтиёзли савдо, порт хизматлари, рақамли технологиялар, экология, фавқулодда вазиятларни бошқариш, коррупцияга қарши курашиш соҳаларидаги келишувлар ҳамкорликнинг кенг қамровли ва комплекс тус олганини англатади.
Маданий-гуманитар соҳада Исломободда Тошкент кўчаси ва буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан аталадиган кўча ва боғни барпо этиш тўғрисидаги қарорлар халқларимиз ўртасидаги тарихий яқинлик, маънавий муштараклик ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик, хусусан, икки мамлакат муносабатларининг энг мустаҳкам ва истиқболли йўналишларидан бири эканини Президентимизга Покистоннинг етакчи университети томонидан фахрий доктор ва профессор илмий унвонларининг эътироф сифатида тақдим этилгани яққол намоён этди.
Ушбу юксак эътироф нафақат давлатимиз раҳбарининг таълим ва инновация соҳасидаги ислоҳотларига берилган баҳо, балки Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги академик ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва маънавий яқинликнинг рамзи сифатида ҳам намоён бўлди.
Президент Асиф Али Зардорий томонидан давлатимиз раҳбарига Покистоннинг олий мукофоти — “Нишони Покистон” орденини топширилиши эса кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларнинг муносиб эътирофи ҳамда Ўзбекистон халқига дўстона муносабат ва чуқур ҳурмат ифодасидир.
Умуман олганда, мазкур ташриф Ўзбекистон – Покистон муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, иқтисодий ривожланиш, транспорт интеграцияси, хавфсизлик ва гуманитар ҳамкорлик соҳаларида аниқ ва амалий натижаларни таъминлади.
Анваржон НУРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.