Ўзбекистон Президентининг парламентга ва халқимизга Мурожаатномасида Халқ демократик партияси дастурий мақсадлари билан чамбарчас боғлиқ бўлган бир қатор вазифалар белгиланган.
Мурожаатнома нафақат келгуси йил учун ҳаракатлар дастури, балки Янги Ўзбекистонда шаклланаётган ижтимоий давлат моделининг аниқ концептуал ифодаси сифатида ҳам аҳамиятлидир. Шунинг учун Халқ демократик партияси мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тарғибот-тушунтириш ишларини изчил йўлга қўйиб, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган энг муҳим вазифаларни белгилаб олмоқда.
Тошкент шаҳар партия кенгашида ўтказилган таҳлилий-танқидий йиғилишда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг фаолияти атрофлича муҳокама этилди.
Ўрганишларда аниқланишича, Тошкент шаҳар Кенгаши партия гуруҳидаги 9 нафар депутат йил давомида 13 та депутат сўрови юбориб, ундан ҳозиргача 7 таси ижобий ечим топган. Туман Кенгашларидаги 47 нафар депутат 91 та сўров юборган бўлса, ҳозиргача уларнинг 38 таси ижобий ҳал этилган. Бу рақамлар пойтахт ҳудудида электорат манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, партия позициясини фаол намоён этиш имконини бермаслиги, сайловчиларни ўйлантираётган масалаларга ечим топишда қатъият кўрсатиш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда айрим туман кенгашларида аъзолар билан ишлаш, тарғибот тадбирларини кенг қамровда ўтказиш йўналишларида сусткашликка йўл қўйилаётгани манзилли таҳлил қилинди. Пойтахтимиз туман Кенгашларидаги айрим партия гуруҳлари сессияга масалалар олиб чиқиб, амалий натижага эриша олмаётгани қайд этилди. Айрим депутатлар эса сўров юбориб, мурожаатларни тизимли ҳал қилиш масаласига етарлича эътибор қаратмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Мурожаатномада, айниқса, ижтимоий йўналишда илгари сурилган ғоя ва вазифаларни рўёбга чиқариш партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларидан юқори масъулият талаб қилади.
Халқ демократик партияси сўл қанот позицияда эканидан келиб чиқиб, Мурожаатномада келтирилган ижтимоий масалалар, бандлик, камбағалликни қисқартириш, таълим ва тиббиёт сифатини ошириш, маҳаллаларда ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш каби йўналишларда депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича вазифалар белгиланди.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туманлар Кенгашлари сессиялари муҳокамасига партия электоратини ўйлантираётган масалаларни олиб чиқиш, уларни ҳал қилиш бўйича ижро ҳокимиятининг масъулиятини ошириш, бир сўз билан айтганда, партиянинг сиёсий позициясини, электорат манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш бўйича режалар илгари сурилди.
Мурожаатномада белгиланган ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишда Халқ демократик партияси ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг муҳим ўрни бўлиши кераклиги қўллаб-қувватланди.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар бўйича 2026 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ижрога йўналтирилди.