Бугунги кунда иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг изчил ортиб бориши ва урбанизация жараёнларининг жадаллашуви сув ресурсларига бўлган босимни кескин кучайтирмоқда. Афсуски, амалдаги марказлашган сув таъминоти тизимларида ичимлик сувидан техник ва хўжалик эҳтиёжлари учун ҳам кенг фойдаланиш давом этмоқда. Бу эса нафақат ичимлик суви захираларининг самарасиз сарфланишига, балки канализация ва дренаж тармоқларига тушадиган юкламанинг ортишига ҳам сабаб бўлмоқда.
Шу боис сувдан оқилона фойдаланиш ва уни тежашга қаратилган замонавий ёндашувларни жорий этиш долзарб вазифага айланди. Ана шундай ечимлардан бири – ёмғир сувларини йиғиш, сақлаш ва қайта ишлатиш тизимини янги қуриладиган бинолар учун мажбурий стандарт сифатида жорий этиш ташаббусидир. Мазкур ёндашув барқарор шаҳарсозликни ривожлантириш, ичимлик суви истеъмолини камайтириш ҳамда мавжуд инфратузилмага тушадиган юкламани сезиларли даражада қисқартириш имконини беради.
Ташаббусни тизимли жорий этиш учун, аввало, ҳуқуқий асос мустаҳкам бўлиши лозим. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали ёмғир сувларини йиғиш тизимини қурилиш меъёрларига интеграция қилиш мақсадга мувофиқ. Бу механизм ташаббусни умумреспублика миқёсида изчил амалга ошириш учун ҳуқуқий пойдевор вазифасини бажаради.
Пилот лойиҳа сифатида Тошкент вилояти энг мақбул ҳудуд сифатида белгиланади. Ёғин миқдорининг нисбатан барқарорлиги ва қурилиш суръатларининг юқорилиги ушбу ҳудудни тажриба-синов ишлари учун қулай қилади. Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун туман (шаҳар) ҳокимликлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 186-сон Фармони ҳамда 2025-йил 8-октябрдаги ПҚ–298-сон қарорида белгиланган “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” концепцияси доирасида амалга оширилиши мумкин. Дастлаб Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳри, Бўка тумани, Чирчиқ шаҳри ва Чиноз туманида тизим самарадорлигини синовдан ўтказиш, кейинчалик уни бошқа ҳудудларга татбиқ этиш кўзда тутилади.
Техник жиҳатдан ёмғир сувини йиғиш тизими том сатҳидан ёғингарчиликни йиғиш, махсус новлар орқали йўналтириш, дастлабки ифлос оқимни ажратиб ташлаш, тозаланган сувни ёпиқ цистерналарда сақлаш ҳамда қуёш энергиясида ишловчи насослар ёрдамида узатиш механизмларига асосланади. Шунингдек, инфилтратсия хандаги ва био-инфилтратсия қудуқлари орқали ер ости сувлари тўйинишига ҳам хизмат қилади.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, 100 квадрат метр том майдонидан йилига ўртача 30 минг литр ёмғир сувини йиғиш мумкин. 5 қаватли, 18 хонадонли бинода эса бу кўрсаткич йилига 150 минг литрга етади. Натижада ҳар бир хонадонда ичимлик суви истеъмоли 30–50 фоизгача қисқаради, техник эҳтиёжлар эса деярли тўлиқ ёмғир суви ҳисобидан қопланади. Бундан ташқари, бундай тизим коммунал узилишлар даврида 2–3 ҳафтагача автоном таъминотни таъминлаш имконини беради.
Тизимнинг кенг жорий этилиши нафақат иқтисодий, балки экологик жиҳатдан ҳам муҳим самара беради. Ер ости сувлари тўйинтирилиши 15–25 фоизга ошади, дренаж тизимига тушадиган юклама 30–35 фоизга камаяди, ичимлик сувини ишлаб чиқаришга кетадиган энергия сарфи ва SO₂ чиқиндилари сезиларли даражада қисқаради. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар бир хонадон йилига ўртача 120–250 минг сўм миқдорида коммунал тежамкорликка эришади.
Халқаро тажриба ҳам ушбу ёндашувнинг самарадорлигини тасдиқлайди. Сингапурда техник сувнинг қарийб ярми ёмғир суви ҳисобига қопланади, Германия шаҳарларида санитария тизимлари ёмғир сувига уланган, Японияда эса тошқин хавфи 25–30 фоизгача камайтирилган.
Хулоса қилиб айтганда, ёмғир сувларини йиғиш ва қайта ишлатиш тизимини янги қурилишлар учун стандарт сифатида жорий этиш Янги Ўзбекистон шаҳарларининг барқарор ривожланишида муҳим босқич бўлиши мумкин. Ушбу ташаббус сув ресурсларини тежаш, иқтисодий самарадорликни ошириш, инфратузилмага тушадиган юкламани камайтириш ва экологик мувозанатни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Энг муҳими, у замонавий ва масъулиятли шаҳарсозлик ёндашувининг ажралмас қисми сифатида шаклланиши мумкин.
Муҳсиддин Низомиддинов,
Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати.