ХДП фракцияси камчиликларга кўз юммайди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямизнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар дастлаб, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил тўққиз ойидаги ижроси ҳақидаги ҳисоботни муҳокама қилди.

Бюджет ҳисоботида айтилишича, 2025 йилнинг 9 ойида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 7,6 фоизга ўсиб, унинг ҳажми 1 304 трлн сўмни ташкил этган. Инфляция даражаси йил бошига нисбатан 5,1 фоизни (2024 йилда – 6,8 %), йиллик инфляция эса 8 фоизни (2024 йилда – 10,5%) ташкил қилган. Aҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми 34,5 млн сўмга етиб (2 702 AҚСҲ долл), ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,6 фоизга ошган.

2025 йилнинг тўққиз ойида ижтимоий харажатлар учун Давлат бюджетидан 125,5 трлн сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,6 трлн сўмга кўп маблағ ажратилган. Мазкур харажатлар одамларнинг ҳаёт сифатини ошириш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва барқарор ривожланиш тамойилларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Фракция аъзолари Ҳисоботда партия дастурий мақсадларида устувор деб қараладиган соҳаларга ажратилган маблағларга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, болалар нафақаси, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари учун 9 936,2 млрд сўм маблағ ажратилган.

Республика бўйлаб 4,5 миллион нафар фуқаро даромадли меҳнат билан банд бўлган, ишсиз ва даромадини ошириш истагида бўлган 185 минг нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилган.

Ҳисоботни муҳокама қилиш жараёнида айрим масалаларда депутатлар масъулларга саволлар беришди, қатъий позицияларини билдиришди.

Депутатимиз Одилжон Иминов мамлакатимизда профессионал таълимни ривожлантириш борасида катта ишлар қилинаётган бир пайтда бу йўналишга ажратилган маблағ олий таълимга ажратилган маблағдан икки баробар кам эканини таъкидлади.

Вазирлик масъули ўз изоҳида биринчи навбатда олий таълимда кадр тайёрлаш профессионал таълимда кадр тайёрлашга нисбатан анча қимматлигини, ҳозирги кунда профессионал таълим соҳаси тўлиқ трансформация қилинаётгани ва 2026 йилдан бошлаб бу йўналишга харажатлар сезиларли даражада ошириб борилишини билдирди.

Фракциямиз аъзоси Шокиржон Aҳмедов субсидиялар масаласига тўхталиб, давлат деярли ҳар бир соҳага субсидия ажратаётгани, лекин ажратилган субсидиялар натижасида яратилган иш ўринлари ёки бюджетга қанча тушум бўлаётгани ҳақидаги таҳлилий маълумотлар етишмаётганини таъкидлади. Депутат масъуллардан ўтган йилларга нисбатан таққослаш ва самарадорлик ҳақидаги маълумотларни тақдим этишни сўради.

Депутатимизнинг саволига вазирлик томонидан субсидияларнинг тури кўп эканлиги, лекин ҳозирда барча субсидиялар битта платформага бирлаштирилаётгани, шундан кейин натижалар ва самарадорликни баҳолаш осон бўлиши билдирилиб, жорий йил бўйича натижалар фракцияга тақдим қилиниши қайд этилди.

Фракциянинг яна бир аъзоси Анвархон Темиров Давлат бюджети ижроси ҳақидаги ҳисобот парламентга анча кечикиб киритилгани, оқибатда берилаётган саволлар, фикр ва таклифлар долзарблигини йўқотиб бораётганини тушунтирди. Иқтисодиёт ва молия вазирининг мутасадди ўринбосари маълум сабабларга кўра бу йилги ҳисобот кечиккани, кейинги ҳисоботларда албатта муддатларга амал қилинишини билдирди. Шуларга асосан Ҳукумат ҳисоботи маъқулланди.

Йиғилишда «Экологик тоза ҳудудларнинг ҳуқуқий мақоми белгиланиши ҳамда бир марталик пластик маҳсулотларни олиб кириш ва сотиш тартибга солиниши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

ХДП фракцияси аъзолари мазкур қонун лойиҳасининг мақсади қўллаб-қувватланишини таъкидлаган ҳолда, уни амалга ошириш механизмлари, аҳоли ва тадбиркорлар учун юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий-иқтисодий оқибатлар етарлича аниқ ва асосли белгиланмаганига эътибор қаратди. Айниқса, бир марталик пластик маҳсулотларга чекловлар жорий этишда аҳолининг кам даромадли қатламлари манфаатлари инобатга олиниши зарурлиги таъкидланди.

«Фармацевтика фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Депутатлар дори-дармон нархларининг баландлиги, импортга юқори даражада қарамлик ҳамда маҳаллий фармацевтика маҳсулотлари сифатини назорат қилиш масалалари ҳали ҳам долзарблигича қолаётганини қайд этишди. Қонун лойиҳаси дори воситаларининг ҳақиқатан ҳам арзонлашувига ёки уларнинг сифати ошишига қай даражада хизмат қилиши юзасидан қўшимча асослар сўралди.

Мажлисда айрим қонун лойиҳалари бўйича ҳужжатлар сифатсиз тайёрлангани, баъзи лойиҳалар бўйича белгиланган тартибларга амал қилинмаганлиги таъкидланиб, масъулларга эътирозлар ҳам билдирилди.

Фракциямиз қонун лойиҳалари юзасидан якдил қарорлар қабул қилди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш