Камбағалликни қисқартириш йўлидаги собитқадамлик
Камбағалликни қисқартириш йўлидаги собитқадамлик

 

Бир оила камбағаллигининг битта эмас, бир нечта сабаблари бўлади. Бу оила барқарорликка чиқиши учун ҳар бир сабаб билан шуғулланиш, муаммонинг юзага келиш омилларини бартараф этиш керак. Шунинг учун мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш вазифасига кенг кўламли ёндашиляпти, энг муҳим тармоқлар тўлиқ сафарбар қилиняпти.

Асосий мақсад бир-икки кунлик ёки бир неча ойлик хотиржамлик ҳосил қилиш эмас, доимий юриб кетадиган тизим яратиш, оилалар умидсизлик, ишончсизлик ҳолатидан тўлиқ чиқиб кетиши, одамлар ўзига ишониб ҳаракат қилишига эришишдир. Тадқиқотлар биздагина эмас, бутун дунёда бу масала долзарблигини кўрсатмоқда. 

“Камбағалликдан фаровонлик сари” III халқаро форуми очилишида Президент Шавкат Мирзиёев турли муаммолар таъсирида глобал иқтисодий ўсиш секинлашгани, оқибатда жаҳонда камбағал аҳоли сони ошганига эътибор қаратди. Бу ҳолат барча давлатлар, халқаро ташкилотлар, умуман, дунё ҳамжамияти олдига янги ва долзарб вазифалар қўяётгани таъкидланди.

Ўзбекистон шундай чақириққа муносиб жавоб беришга интилмоқда, ҳар бир инсон имкониятларни кенгайтиришга жазм этмоқда. Ҳар бир хонадон, ҳар бир оила билан индивидуал режа асосида ишлаб, даромадини ошириш учун ресурслар йўналтириляпти.

Камбағалликнинг асосий сабаблари таълимнинг, мунтазам ва профессионал касб-ҳунарнинг етишмаслиги, ҳимоянинг керак пайтда кўрсатилмаслиги билан боғлиқ. Камбағал оилада ўсган болалар керакли таълимни ололмаса, ота-она ҳунар ва меҳнат билан фикри ва ҳаракатини ўзгартирмаса, бундай оилада вазият янада мураккаблашиши турган гап.

Шунинг учун, нутқда таъкидланганидек, сифатли таълим инсон капиталини ривожлантириш, узоқ муддатли истиқболда камбағалликни қисқартиришнинг асосий “драйвери” бўлиб қолади.

Битта мисол, камбағал оила болаларини мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олиш учун шароит яратилади. Бундай оилалар фарзандлари учун хорижий тил ва касб-ҳунар ўрганишга кетадиган харажатларнинг 80 фоизи қоплаб берилади. Ота-она кичкина фарзандини боғчага қўйиб, меҳнатга уринади, мактаб ёшидаги болалар эса замонавий билим ёки касб-ҳунар ўрганиш бўйича жуда қулай имкониятларга эга бўлади. Бу оиланинг барча аъзоларига нисбатан манзилли, тизимли ёндашув ҳисобланади.

Энди Касбга тайёрлаш халқаро марказлари ташкил этилиб, уларнинг битирувчиларига хорижда тан олинадиган сертификатлар бериш йўлга қўйилади. Яъни, энг замонавий, асосийси, керакли касбларга тайёрлаш доимий бандлик учун ниҳоятда муҳимдир.

Ҳимоянинг вақтида ёки тўғри манзилда кўрсатилмаслиги камбағал оилалар ҳолатини яна оғирлаштириши мумкин. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ягона тизим бўлди, натижада ҳар бир туман ва шаҳарда “Инсон” марказлари очилиб, 100 дан ортиқ ижтимоий хизматлар “бир дарча” тамойили асосида кўрсатиладиган бўлди. Камбағал оилаларнинг парваришга муҳтож аъзоларига янги ижтимоий хизматлар йўлга қўйилгани 50 минг нафар юртдошимизга бехавотир ишлаш имконини яратди.

Бу жуда муҳим, ҳаётни ўзгартириш учун жуда аҳамиятли рақамлар. Мазкур рақамларда минглаб оилалар, миллионлаб юртдошларимизнинг ҳаёти, дунёқараши, интилиши ўзгараётгани акс этмоқда.

Бойлик ва имкониятларнинг кам сонли жамият аъзолари ихтиёрида тўпланиб қолиши давлатнинг фундаментал асосида турадиган ҳуқуқ ва имкониятлар тенглиги тамойилини бузади. Бундай бузилиш ижтимоий барқарорлик учун жиддий хавфни пайдо қилади. БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига интилиш, ижтимоий-иқтисодий хатарлар билан ҳисоблашиш, ҳар бир инсоннинг муносиб ҳаёт кечиришга ҳаққи борлигига ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва бунга шароит яратиш ҳар бир давлатнинг, халқаро ташкилотларнинг бош вазифаларидан бирига айлангани бежиз эмас.

Ўзбекистон бу масъулиятга муносиб ҳаракат қиляпти. Нутқда келтирилганидек, давлат харажатларининг 70 фоиздан ортиғи айнан Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун сарфланмоқда.

Ўзбекистон Президенти бу борада жуда ҳаётий масалани кўтарди. Яъни, хавф-хатарларни объектив баҳолаш, молиявий ресурсларни жалб қилиш, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича “камбағалликка қарши курашнинг янги молиявий архитектураси”га эҳтиёж сезилаётгани билдирилди.

Халқ демократик партияси камбағалликни қисқартириш, инсон капиталини ҳар томонлама ривожлантириш, ҳар бир инсонга шароит ва имконият беришдек эзгу ҳаракат ва ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Бу йўлдаги режа ва кўрсаткичларга етишни ўзининг долзарб сиёсий мақсади, деб билади.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш