
Куни кеча давлат раҳбарининг ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқоти чоғида педагоглар учун янги имтиёзлар жорий қилинаётгани айтиб ўтилди. Жумладан, келгуси ўқув йилидан давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт пулига 30 фоиз чегирма берилиши, янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилиши чин маънода юртимизда ўқитувчи ва мураббийларга берилаётган юксак эътибор намунасидир. Бундай ташаббуслар ўқитувчи педагогларга катта куч бағишлайди.
Йиғилишда нафақат ўқитувчилар, балки боғча тарбиячилари учун ҳам муҳим янгиликлар бўлаётгани таъкидланди. Статистик маълумотларга назар ташласак, ҳозирги кунда 7 мингдан ортиқ давлат боғчаларида 120 мингга яқин педагоглар фаолият юритиб келмоқда. Лекин уларнинг атиги 34 фоизи олий маълумотга эга. Эътиборлиси, тарбиячилар орасида ҳам худди мактаб ўқитувчилари каби тоифалар мавжуд ва ойлик иш ҳақи ҳам шунга қараб фарқланади.
Энди давлат ва хусусий боғча тарбиячиларини ишдан ажратмаган ҳолда олийгоҳларда ўқитиш йўлга қўйилади.
Яна бир янгилик. Худди Президент мактаблари каби ҳар бир вилоятда “Янги авлод” боғчалари ташкил қилиниб, уларда тарбиячилар илғор педагогик технологияларни ўрганади. Энг муҳими, янги методикаларни ўрганиш учун бу масканларнинг эшиги хусусий боғча тарбиячиларига ҳам доимо очиқ бўлади.
Бир сўз билан айтганда жорий қилинаётган имтиёз ва янгиликларнинг барчаси кадрлар салоҳиятини оширишга ҳамда келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимизнинг муносиб тарзда тарбия топиб, билим олишларига хизмат қилиши, шубҳасиз.
Завра АБДУЛЛАЕВА,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.