
Ҳар бир ҳудуднинг фақат ўзигагина хос руҳи бўлади. Наманган бу табиат билан инсон қўли уйғунлашган замин, меҳнат ва маърифатдан юксалган инсонларга бешик бўлган гўша. Бағрикенг одамлар, серқуёш дала-боғлар, ҳар қадамда меҳр ва одоб сезиладиган жойдир.
Кимдир Наманганни Чуст пичоқлари билан танийди, кимдир гулчилар юрти дейди. Кимдир эса бу ерда яшайдиган инсонларнинг самимийлигини бир умр ёдда сақлайди.
Бугун Наманган – бу тараққиёт сари одимлаётган, катта орзулар яшаётган ва ҳар бир кунни ривожланиш билан ўлчаётган, эртасига ишончи баланд вилоятлардан бири. Ҳудуднинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига назар ташласак, фуқаролар фаоллиги, партиялар фаолияти жонланиб бораётганини кузатиш қийин эмас. Энг муҳими, шаҳар ва қишлоқлар ҳаётига дахлдор бўлган ҳар бир қарор халқ билан бамаслаҳат қабул қилинмоқда. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар минбарида ҳар бир фуқаронинг овози, фикри ва таклифи янграмоқда.
Партиямизнинг ҳудуддаги фаолиятига батафсил тўхталиш мақсадида ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши раиси Илҳом Атабоев билан суҳбатлашдик.
– Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда ХДП катта куч ва салоҳиятга эга. Сиз етакчилик қилаётган партия ташкилоти ана шу имкониятдан қай даражада фойдаланмоқда? Кўзга кўринарли ташаббуслар ҳақида нима дейиш мумкин?
– Наманган – Ўзбекистонинг шарқий қисмида жойлашган, меҳнаткаш аҳолиси ва бой тарихи билан ажралиб турадиган вилоятлардан бири. Ҳозирги кунда 3 миллион атрофида аҳолиси бор.
Сўнгги йилларда бутун мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам сиёсий ҳаёт жонланиб, аҳолининг давлат бошқарувида иштироки сезиларли даражада кучайди. Бу жараёнда партиямизнинг ўрни ва таъсир кучи тобора ошаётгани алоҳида эътиборга лойиқ.
Вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатларимиз аҳолининг мурожаатлари, муаммолари ва таклифларини бевосита эшитиб, тегишли ташкилотларга мурожаат қилмоқда. Депутатлик сўровлари орқали муаммолар ечим топаётган ҳолатлар сони йилдан-йилга ошмоқда. Маҳаллий Кенгашлар муаммо билан мурожаат қилинадиган манзилга айланиб улгурди. Энг муҳими, бизнинг сўзимиз, позициямиз бор. Халқ вакили сифатида ҳар бир муаммони кўтаришга ҳақлимиз. Бу жуда катта ўзгариш, деб биламан.
Фикримизни рақамлар кесимида изоҳлайдиган бўлсак, халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашида партиямизнинг 14 нафар депутати бор. Шаҳар ва туман Кенгашларида эса 77 та депутатлик ўрнига эгамиз. Таъкидлаш жоизки, депутатлик гуруҳларимиз маҳаллий Кенгашларда реал кучга айланиб улгурди. Депутатлар мунтазам равишда аҳоли билан очиқ мулоқотда бўляпти. Чунки оддий одамнинг дарди биз учун муҳим!
Авваллари Кенгаш фақат йиғилиб, қарор чиқарарди. Ҳозир эса муаммоларни ўрганиш, ташкилотлардан жавоб талаб қилиш, ҳисобот сўраш – буларнинг барчаси депутатларимизнинг кундалик ишига айланди.
Натижада айрим жойларда мактабни таъмирлаш ишлари, бошқа ҳудудда эса аёллар бандлиги, ичимлик суви каби масалалар айнан партия депутатлари ташаббуси орқали халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар минбарига кўтарилиб, муҳокамага чиқарилмоқда. Бу эса бир томондан, давлат органлари фаолиятини шаффофлаштириш, иккинчи томондан, халқ ишончини ошириш, муаммоларни вақтида бартараф этишга хизмат қиляпти.
Ҳар ойда бир неча маҳаллада сайёр қабул ўтказамиз. Мурожаат ва муаммоларни ипидан игнасигача ўрганиб, шу асосида сессияга масала тайёрлаймиз.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларида 48 та, доимий комиссиялар йиғилишларида 38 та масала ўрганилди. Шунингдек, 34 та масала шаҳар ва туман Кенгашларининг сессияларида кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.
Айни пайтда, депутатларимиз маҳаллий Кенгашларда аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва кам таъминланган қатламларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ташаббуслар билан чиқмоқда. Албатта, бу ташаббуслар партия ташкилотларининг жойлардаги фаолияти ва депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорлиги асосида амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг март, апрель ойларида халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партиямиз депутатлик гуруҳи томонидан давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 19 июлдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг Наманган вилоятидаги ижроси ўрганилди.
Ушбу масала бўйича ишчи гуруҳи туздик ва вилоят транспорт бошқармаси, темир йўл вокзали, Наманган халқаро аэропортидаги ҳолатни ўрганиб чиқдик.
Назорат-таҳлил натижасида шунингдек, вилоят кўзи ожизлар жамияти ва тумандаги кўзи ожизлар мактаби учун Брайл алифбосига мослаштирилган дарсликлар, бадиий китоблар етишмовчилиги, Ахборот-ресурс марказларида компьютер столи кўзи ожизлар учун икки ўринли қилиб мослаштирилмаганлиги маълум бўлди.
Ўрганиш натижалари ЎзХДП депутатлик гуруҳида ва тегишли доимий комиссияда кўриб чиқилди. Жорий йилнинг 5 апрель куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритилди ва тегишли қарор қабул қилинишига эришилди.
Шунингдек, ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган 182 та депутатлик сўровлари юборилиб, шундан 98 таси ижобий ҳал этилди. Бундан ташқари, 43 маротаба жойлардаги ҳудудий раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари ва ахборотлари эшитилди. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг амалий Ҳаракат дастурини ҳудудлар кесимида таҳлил этилганда Учқўрғон, Наманган, Косонсой тумани Кенгашлари партия гуруҳлари самарали ва тизимли иш олиб боришганини таъкидлаш жоиз.
Шунингдек, партия дастурий мақсад ва ғоялари тарғиботига қаратилган тадбирлар 694 маротаба ўтказилди. Унда 18 мингдан ортиқ фуқаро қамраб олинди.
Партиянинг Сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, “Депутат маҳаллада”, “Соғлом она – соғлом оила”, “Маҳаллада ижтимоий хизмат”, “Сафимиздаги ёшлар”, “Ижтимоий ҳимоядан – ижтимоий фаоллик сари”, “Тенг ҳуқуқ ва тенг имкониятлар”, “Аёлларга кўмак” “Маҳаллада камбағал оилалар сонини камайтириш” каби лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мақсадимиз сайловчиларга елкадош бўлишдир.
Менинг фикримча, фақатгина муаммоларни кўтариш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурларини таклиф қилиш билан чекланиб қолиш етарли эмас. Партия ташкилотлари тизимли, стратегик ёндашувни ишлаб чиқиши керак. Масалан, партиямиз кўпроқ ижтимоий муаммоларга эътибор қаратади, лекин уларнинг ечими учун фақат давлат ёрдамини кутиш нотўғри. Қуйида маҳаллий бюджет маблағларини самаралироқ йўналтириш, ижтимоий тадбиркорликни рағбатлантириш ёки маҳаллий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича кенгроқ ташаббусларни кўтаришимиз керак.
– Сиз вилоят партия кенгаши ишидан шахсан ўзингиз қониқасизми? Партия кенгаши йўл қўйган хатолар сизнингча, нималардан иборат? Камчиликлар қандай ва қайси пайтда ижобий тенденция томон силжийди?
– Бугун мамлакатимиз сиёсат майдонида рақобат, партиялараро баҳс-мунозара кучайиб бораётган бир шароитда фаолиятимиздан қониқамиз, дейишга асос йўқ. Янгиланиш ва ўзгаришлар, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ислоҳотлар кўлами жуда катта. Тўғри, умуммиллий дастурлар ижроси, партиямиз электорати манфаатлари йўлидаги эътиборга молик ишларимиз кўп. Аммо бугун ислоҳотлар тўлқинига мос равишда ҳаракат қиляпмизми, қайсидир жойларда депсиниб қолмаяпмизми, деган ўз-ўзимизга танқидий қараш ҳам йўқ эмас.
Хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар, хотин-қизлар, талаба ёшлар ҳамда иш билан банд бўлмаган аҳоли қатламларига қулайликлар яратиш, улар манфаатларини ҳимоялаш ёки пенсия ва нафақалар миқдорини мақбуллаштириш, “Истеъмол саватчаси”нинг ҳаёт билан, кундалик турмуш билан мувофиқ келиши каби масалалар ечимида партия ташкилотларимиз томонидан олиб борилаётган ўрганишлар, берилаётган таклифлар қонун ижодкорлигида қўл келаётгани кўзга ташланмайди.
Албатта, ҳозир ишимизда мақтанса арзигулик жиҳатлар жуда кўп. Аввало, биз ўта расмий кайфиятда, қуруқ тадбирлар ўтказишдан бутунлай воз кечдик. Фуқаролар асосан кундалик турмушида дуч келаётган муаммолар билан ёнимизга келади. Инсонга меҳр улашиш, руҳий мадад бўлиш ҳам катта гап.
Шунингдек, туман кенгашларимизда инновацион таклифлар ва ҳудудлар учун махсус ечимлар топишда сусткашликка йўл қўяётган ташкилотларимиз ҳам бор.
Яна бир муҳим масала. Биз ижтимоий ташаббуслар ва қонунчиликка таъсир ўтказиш механизмини кучайтиришимиз керак, деб ўйлайман. Фақат мурожаатларни қабул қилиш эмас, балки ҳокимият ва давлат органлари билан конструктив ҳамкорликни йўлга қўйиш лозим.
Яна бир масала. Жойларда ўтказилаётган айрим тадбирларимиз қайсидир маънода юзаки, ҳисобот учун ўтказиляпти. Сир эмас, аксарият туман (шаҳар) кенгашлари, депутатлар жойларда номигагина тадбирлар ташкил этаётгани, аҳоли ўртасида бундай тадбирларнинг самара бермаётгани бор ҳақиқат.
Кейинги хатолардан бири бу назорат тизими етарли йўлга қўйилмаганидир. Партия кенгаши, депутатларимиз томонидан кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Сессияларга масалалар киритилмоқда, таклифлар берилмоқда, ташаббуслар билан чиқилмоқда. Бироқ, назорат тизими бўлмаганлиги боис, бундай ташаббусларнинг ҳаётга татбиқ этилиши тўлақонли амалга оширилмаяпти.
Мазкур ишларни амалга ошириш мақсадида вилоят кенгашининг махсус дастури ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.
Фаолиятимиз қачон ижобий тенденция томон силжишига тўхталадиган бўлсам, бунинг учун партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари ва парламентдаги вакилларимиз барчаси бир мушт бўлиб ҳаракат қилиши керак. Тўғри, сўнгги йилларда улар ўртасидаги алоқа сезиларли даражада яхшиланди. Ҳозир қуйида билдирилган ташаббусларимиз парламент минбарида акс-садо бермоқда. Бу яхши натижа, албатта.
– Ютуқлар ҳақида гапирдик, хато ва камчиликларга тўхталдик. Келинг, энди бевосита партиянинг жамиятдаги нуфузини янада ошириш масаласига тўхталсак. Бундан кейин нимани кутсак бўлади? Яна бир савол. Юқорида муаммоларни айтдингиз. Хўш, сиз бу муаммоларни тўлиқ бартараф этишга ваъда бера оласизми?
– Ҳар бир партия сингари ЎзХДПнинг ҳам алоҳида дастурий мақсадлари белгиланган. Бошқарув органларида ўзининг вакиллари яъни, депутатлари бор. Партиянинг нуфузини янада ошириш масаласида шуни айтишим мумкинки, сиёсий партиялар дастурий ғоя ва аниқ мақсадлари бўйича ёшлар билан ҳам астойдил ишлайди.
Хусусан, ЎзХДП маҳаллий кенгашлари қошида “Ёш сиёсатчилар клуби” аъзолари шакллантирилган. Маърифий тарғибот тадбирларимиз истеъдодли ёшлар кучи билан ўтади. Бироқ, олий ўқув юртлари ва мактабларнинг битирувчилари билан кўпинча норасмий, худдики хуфя тарзда ишлашга тўғри келади.
– Ахир кадрлар ҳал қилувчи куч-ку. Нега уларни қамраб олиш, ёшлар ўртасида дастурий мақсадларимиз тарғиботини янада кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий ва умумий манфаатлари таъминотини реал кузатиш ва таҳлил қилишга имкон берилмаслиги керак?
– ЎзХДПнинг бошқа партияларга нисбатан бирламчи ўзига хослиги мухолифатдаги сиёсий куч эканлигидир. Мухолифатдаги партия меҳнат ва ўқув муассасаларига эркинроқ кириб бориши зарур. Қолаверса, ёшлар билан ишлаш ҳар қайси томондан ёндошилса ҳам тарбия, миллат тарбияси билан боғланади. Миллат тарбияси эса шахс тарбиясидан бошланади.
Агар жамиятимизда шу жиҳатлар ҳам ҳисобга олинса партиялараро рақобат ҳам, ҳамма замонларнинг бирламчи оғриғи ва ечим изланадиган тарбия ишлари ҳам шаффофланарди.
Жамиятдаги маълум бир муаммонинг тўлиқ ечимини топиш бўйича ваъда берадиган шахс бўлса, у қуруқ ваъда бўлади. Мен ёшлар билан ишлашда партияларга ва депутатлик гуруҳларига кенгроқ ваколат берилиши яхши натижалар келтиришига ишонаман.
***
Албатта, белгиланган чоралар вақтида амалга ошса, партиямиз ҳақиқий кучга айланади ва ишонч ортган ҳолда барча муаммолар босқичма-босқич бартараф этилади. Бунинг учун партия ташкилотлари ва депутатлар, фаоллар ва аъзолар бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши, бир-бирига елкадош бўлиши керак.
“Ўзбекистон овози” мухбири
Лазиза ШЕРОВА
суҳбатлашди.
«Ўзбекистон овози», 17.9.2025, №37