Коррупцияга қарши курашда аҳамиятсиз масала бўлмайди

 

Қонунчилик палатасидаги фракциямизнинг навбатдаги йиғилишида бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузаси кўриб чиқилди.

Маърузада келтирилишича, 2024 йилда республика бўйича судлар томонидан 7 354 нафар шахс коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган. Уларнинг 1 525 нафари ёки 20 фоизига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Коррупцион жиноятлар орасида энг кенг тарқалган тури ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш жинояти бўлиб, 4189 марта содир этилган. Энг кўп коррупцион жиноят содир этилган ҳудудлар учлиги: Андижон 882 та, Наманган 877 та ва Тошкент вилояти 697 та.

Коррупцияга оид жиноят учун судланган шахслар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда 654 нафари мактабгача ва мактаб таълими, 342 нафари соғлиқни сақлаш ва 271 нафари тижорат банклари тизимида фаолият юритгани маълум бўлган.

Агентлик вакили маърузани ўқиб эшиттиргандан сўнг, савол-жавоб ва муҳокамалар бошланди. Фракциямиз аъзоси Шокиржон Аҳмедов масъуллардан Коррупцияни қабул қилиш рейтингида Ўзбекистоннинг ўрни 4 йил давомида бир поғона ҳам юқориламагани сабабини сўради.

Масъулнинг айтишича, бунга давлат бошқарувида ҳисобдорлик ва мустақил назорат механизмларининг етарли эмаслиги, коррупция ҳақида хабар берган шахсларни ҳуқуқлари ҳимоясидаги камчиликлар, давлат хизматчиларини коррупцион ҳолат учун жавобгарликка тортиш механизмларининг номукаммаллиги каби омиллар сабаб бўлмоқда.

Миллий маъруза юзасидан қизғин муҳокамалар бўлиб ўтди.

Мажлисда, шунингдек, атроф-муҳит, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтиришга, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокамасида депутат Анвархон Темиров лойиҳада оддий фуқароларга қаратилган жарималар миқдори оширилаётгани, аксинча, даромади бор субъектларнинг жарималари енгиллаштирилаётганига эътироз билдирди.

Қонун ижодкорлигида фуқароларга жарима миқдорларини кўпайтириш, маъмурий жазоларни қўллаш доирасини кенгайтириш каби масалаларга жиддий ижтимоий масъулият билан ёндашиш зарурлиги таъкидланди.

Фракция аъзолари кун тартибидаги ҳар бир масалани атрофлича муҳокамадан ўтказиб, якунда тегишли қарорлар қабул қилишди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш