
Бугунги кунда минтақавий ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт – глобал сиёсатнинг устувор йўналишларидан бирига айланган. Ана шундай тарихий даврда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти навбатдаги «ШҲТ плюс» форматидаги саммитини ўтказди. Бу фақат расмий саммит эмас – бу давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч, хавфсизлик ва иқтисодий манфаатларнинг уйғунлашуви, умумий келажак сари ташланган муҳим қадамдир.
Ўзбекистон Республикаси Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг асосий аъзоларидан бири сифатида, ушбу нуфузли тузилманинг сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик йўналишларидаги фаолиятида ҳал қилувчи ўрин тутади. Мамлакатимиз ШҲТ мақсад ва вазифаларига содиқ қолган ҳолда, ташкилот доирасида ўзаро ишонч, тенг ҳуқуқлилик ва суверенитетга ҳурмат тамойилларини илгари суриб келмоқда.
Тан олиш керакки, “ШҲТ плюс” формати глобал мулоқотнинг янги имкониятларини очиб беришга хизмат қилади, десак муболаға бўлмайди. Бугунги кунда “ШҲТ плюс” формати халқаро ҳамкорликнинг ишончли ва самарали платформасига айланиб бормоқда. Бу ташаббус мамлакатлар ўртасидаги очиқ мулоқот, ўзаро англашув ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон эса мазкур форматда фаол иштирок этиб, минтақа ва ундан ташқаридаги ҳамкорлар билан очиқ, прагматик ва тинчликпарвар сиёсат олиб бормоқда.
“ШҲТ плюс” – бу нафақат сиёсий диалог, балки иқтисодий, маданий ва инсонпарварлик соҳаларида ҳам ҳамкорликнинг янги даражаси демакдир. Ушбу платформа орқали Ўзбекистон ўзининг очиқ ташқи сиёсатини янада кенгроқ намоён этиб, минтақадаги барқарорлик ва тараққиётга ҳисса қўшмоқда.
Хўш, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятда, айниқса, ушбу ташкилот доирасида энг муҳим аҳамияти яна қайси жиҳатларда намоён бўлади?
Биринчидан, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё марказидаги геостратегик жойлашуви, уни ШҲТнинг сиёсий ва иқтисодий қарорлари учун муҳим йўналтирувчи марказга айлантиради. Мамлакатимиз нафақат ШҲТ аъзолари ўртасидаги транспорт ва логистика занжирларида муҳим боғловчи бўғин бўлиб хизмат қилади, балки минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда ҳам фаол иштирок этмоқда.
Иккинчидан, Ўзбекистон ШҲТ доирасидаги асосий вазифалардан бири бўлган радикализм, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш соҳасида муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда. Мамлакатимиз ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш, ахборот алмашинувини кучайтириш ва қўшма ҳарбий машқларда иштирок этиш орқали хавфсизлик соҳасидаги ўз мажбуриятларини сидқидилдан бажариб келмоқда.
Учинчидан, ШҲТнинг иқтисодий потенциалидан самарали фойдаланиш, интеграция жараёнларини чуқурлаштириш ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалаларида ҳам Ўзбекистон фаол иштирок этмоқда. Мамлакатимиз, айниқса, транспорт йўлаклари, “яшил” энергетика, рақамли иқтисодиёт каби йўналишларда ШҲТ аъзолари билан ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлашни мақсад қилган.
Тўртинчидан, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида ШҲТ алоҳида ўрин эгаллайди. Давлатимиз кўп қутбли дунё тартибини қўллаб-қувватлайди, минтақавий ва халқаро ташкилотлар билан инклюзив, прагматик ва мувозанатли ҳамкорликни устувор, деб билади. ШҲТ саммитлари доирасида Ўзбекистоннинг сиёсий ташаббуслари кўпинча бошқа аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланади, бу эса мамлакатимиз ташқи сиёсий нуфузининг ортиб боришидан далолат беради.
Бешинчидан, хавфсизликни таъминлаш масалалари, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, энергетика ва логистикадаги ҳамкорлик, маданий-гуманитар муносабатлар ҳақида кенг қамровли музокаралар олиб борилмоқда.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ШҲТ доирасидаги барча ташаббусларда фаол иштирок этиб, минтақада барқарорлик ва тараққиётни таъминлашда ҳал қилувчи ўрин эгаллаб келмоқда. Бугунги қарорлар – эртанги тинч, фаровон ва мустаҳкам минтақа пойдеворидир.
Ғолибжон МАҲАММАДЖАНОВ,
Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (Phd)