Энг хавфсиз жой уйимиз!
Энг хавфсиз жой уйимиз!

 

Бугунги кунда коронавирус инфекцияси бутун дунёда тарқалиб, мамлакатимизга ҳам кириб келди. Ушбу касалликга қарши курашиш, оқибатларини олдини олиш борасида мамлакатимизда ўз вақтида тегишли ва таъсирчан чоралар кўрилди. Президент Шавкат Мирзиёев кўрсатмасига асосан Бош Вазир раҳбарлигидаги Республика комиссияси тузилиб, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди.

Мамлакатимиздаги барча тиббиёт муассасалари кучайтирилган иш режимига ўтказилди. Давлатимиз томонидан зарур бўлган барча чоралар кўрилиб, тегишли шароитлар яратилмоқда, ушбу шароитлар албатта, аҳолининг касалликини юқтириб олишини камайтириш ва жиловлашга қаратилган.

Давлатимиз томонидан қанчалик ҳаракат қилинмасин, аҳоли томонидан шифокорлар тавсияларига, карантин қоидаларига риоя қилинмаса, амалга оширилаётган барча ҳаракатлар бесамар кетиши мумкин. Карантин қоидаларига риоя этмаган ҳар бир фуқарога нисбатан қатъий жазо чоралари кўрилиши тўғрисидаги Қонуннинг имзоланиши ҳам аҳолининг ушбу инфекциядан ҳимоялашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Вирус асосан йўталганда ёки аксирганда нафас йўлларидан ажралиб чиққан томчилар орқали юқади. Шу сабабли фуқароларимизни уйда ўтиришлари, айниқса 65 ёшдан юқори, сурункали касалликга чалинганларда касалликни оғир кечишини инобатга олган ҳолда қатъий равишда кўчага чиқмасликлари талаб этилади.

Барча ёшдаги аҳолига зарурат орқали кўчага чиқишга тўғри келса, албатта ниқобларда юриш ҳамда оралиқ масофани сақлаш талаб этилади, ниқобни тақган пайтда эса оғиз ва буруннинг тўлиқ ёпилишига аҳамият бериш керак, вирус дастлаб оғиз ва буруннинг шиллиқ қаватига кириб жойлашади ва ҳужайра ичига кириб кейин кўпая бошлайди.

Уйда ўтирганда тез-тез хона ҳавосини янгилаб, шамоллатиб туриш лозим!

Энг асосийси шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш, қўлни совунлаб ювиш, антисептик воситалар билан ишлов бериш, қўл бериб сўрашмаслик талаб этилади.

Касаллик белгилари асосан тана ҳароратининг кўтарилиши, қуруқ йўтал ва нафас олишнинг қийинлашиши бўлиб, айрим ҳолатларда бош оғриғи, кўнгил айнаши, ич бузилиши ҳам кузатилиши мумкин, бундай ҳолатлар кузатилганда ўз вақтида шифокорни уйга чақириш лозим.

Карантинда ўтирган фуқароларимиз карантин қоидаларига қатъий риоя этишлари шарт, айрим карантин қоидаларига риоя этмаётган ва карантин қоидалирини бузаётганлар қайд этилаётганлиги, улар нафақат ўзларига, балки оила аъзоларига ва атрофидагиларга ҳам касалликни юқтиришлари мумкинлигини англаб етишмаётганлиги ачинарли ҳол, албатта. Касалликнинг яширин даври 14 кундан иборат бўлиб, ушбу даврда кўрсатмага биноан карантин қоидаларга риоя этишимиз ўзимизни ҳам, атрофдагиларимизни коронавирус инфекциясидан ҳимоя қилган бўламиз.

Зарурат бўлмаса кўчага чиқманг, инфекция занжирини узишга, ўзингиз ва соғлигингизга учун курашаётган шифокорларга ёрдам беринг. Энг хавфсиз жой - бу уйимиз!

Барчамиз ҳамжиҳат бўлиб, шифокорларнинг тавсия ва кўрсатмаларига амал қилиш, уйда ўтириш, зарурат бўлмаса кўчага чиқмасдан, касалликнинг дастлабки белгилари кузатилганда ўз вақтида мурожаат қилиш орқали албатта ушбу инфекцияни енгиб чиқамиз!

Биз тиббиёт ходимлари сиз учун ишдамиз, Сизлар биз ва оила аъзоларингиз учун уйда қолинг!


Муқаддасхон РАҲМАТИЛЛАЕВА,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати,

Шайхонтоҳур туманидаги 44-сон оилавий поликлиника бош шифоркори.

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш