
Давлат дастури – давлатнинг маълум вақт учун мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ҳисобланади. Бу муддат одатда бир йилни ташкил этади. Давлат дастури ижтимоий-иқтисодий муносабатларни ҳам ифодалайди. Чунки жамиятнинг ҳар бир жабҳасида олиб бориладиган ислоҳотлар жамият ривожи, аҳоли фаровонлиги, иқтисодий барқарорликка хизмат қилади. Савол туғилади: у ҳар доим кўзланган мақсадга етиб борадими? Мутасаддилар унинг ижроси учун қанчалик жон куйдиришади?
Парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2025 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи орқали бу саволларга жавоб топиш мумкин. Кун тартибидаги масала юзасидан Бош вазир ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ахборот берди.
Таъкидланганидек, мамлакатимиз барқарор иқтисодий ўсиш йўлида аниқ натижаларга эришяпти. Хусусан, 2025 йилнинг биринчи ярмида мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми 7,2 фоизга ошган. Бунда бозор хизматлари 8,2, саноат ишлаб чиқариш 6,6, қурилиш ишлари 10,7 ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 4 фоизга ошди.
Мажлисда қайд этилганидек, ҳисобот даврида жами 21 млрд долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 фоизга ўсган. Қиймати 2,5 млрд долларлик 30 та лойиҳани ишга тушириш орқали 3 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган, 66 та туманга 50 млн доллардан кўп сармоя киритилган.
Давлат бюджети даромадлари 144,2 трлн сўмга етган, харажатлар эса 173,3 трлн сўмни ташкил этмоқда. Шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган маблағ 86,2 трлн сўм бўлиб, бу ўтган ойнинг шу даврига нисбатан 16,4 фоизга кўп.
Давлат дастурининг ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш борасида белгиланган устувор йўналишлари доирасида муайян ишлар амалга оширилган. Жумладан, болаларни мактабгача таълим билан қамров даражаси 77, мактабга тайёрлов тизимида қамров 96 фоизга етказилган.
Ҳисобот даврида “Ёшлар дафтари” орқали ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 121,8 млрд сўм маблағ ажратилган. 4 377 нафар ёшлар илм-фан, замонавий касбларга ўқитилган, 934 нафарининг бандлиги таъминланган. Ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ишсизликни камайтириш мақсадида “Ёшлар бандлик дастурлари” тасдиқланган.
Қолаверса, 156290 нафар хотин-қиз тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитилган, 1771 нафарининг уй-жойини яхшилаш чоралари кўрилган, 99 нафари бошпанали бўлган.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида энг оғир аҳволдаги 1042 та маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, туман ва шаҳарларда “Драйвер” лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда комплекс ривожлантириш харажатларига 3,2 трлн сўм маблағ йўналтирилган.
Мажлисда депутатлар ижтимоий соҳага устуворлик берилгани, ёшлар бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида алоҳида дастурларнинг қабул қилингани ҳамда рақамли индустрия ва IT-стартаплар йўналишида эришилаётган натижаларни юқори баҳолашди.
Шу билан бирга, давлат дастурида муддати узайтирилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш чораларини кўриш, бунда мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъулиятини янада ошириш лозимлиги таъкидланди. Бюджет харажатлари устидан самарали назорат ўрнатиш, ўз вақтида ўзлаштириш, бюджет интизомини мустаҳкамлаш борасида таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.
ЎзХДП фракцияси аъзоси Дилбар МАМАЖОНОВА ҳукумат вакилларига мурожаат қилди:
— Мулоқотлар давомида айниқса, ёшларни муносиб иш билан таъминлаш масаласи долзарб аҳамиятга эга эканига гувоҳ бўляпмиз. Ҳисоботда келтирилганидек, 2025 йилда Ёшлар бандлиги дастури доирасида 384,4 минг нафар йигит-қиз қўллаб-қувватлангани бу борадаги кўп муаммоларни ижобий ҳал этишга хизмат қилади, деб ҳисоблайман.
Лекин расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда бир миллиондан ортиқ ёшлар ишсиз. Ҳисоботга солиштирадиган бўлсак, бунда иш билан таъминланган ёшларнинг улуши 16 фоизга тўғри келади. Қолган 84 фоиз йигит-қизларнинг тақдири нима бўляпти? Уларни иш билан таъминлаш масаласига қай даражада эътибор бериляпти?
Мамлакатимизда бугунги кунда замонавий касб-ҳунарга эга ёшларга эҳтиёж юқори. Умуман, бугун талаб юқори бўлган касб-ҳунарларни ёшларга ўргатиш, ҳудудлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, мутахассисларни тайёрлаш борасида вазирлик қандай чора-тадбирларни амалга оширяпти?
Шунингдек, ҳисоботда ёшларга деҳқончилик учун икки ярим минг гектар ер ажратилгани айтилди. Бироқ ушбу ерларда ҳосилдорлик даражаси, маҳсулотдан олинадиган йиллик даромад, бозорга чиқиш имкониятлари ҳақида маълумот берилмаган. Бу бўйича вазирлик қандай муносабат билдиради? Ёшлар ерлардан самарали фойдалана оляптими? Уларга берилаётган ерларнинг унумдорлиги бугун қандай аҳволда?
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Сирожиддин БОБОҚУЛОВ депутат саволига шундай жавоб берди:
— Ёшлар бандлигини таъминлаш мамлакатимизда энг устувор масалалардан биридир. Йил бошидан мавжуд 9452 та маҳалланинг ҳар бирида хатлов ўтказилди. 9 миллиондан ортиқ йигит-қизнинг баланси шакллантирилиб, индивидуал дастур ишлаб чиқилди. Ушбу дастур асосида 384 минг ёшлар ишсиз деб, муаммолар рўйхати шакллантирилди. Шу асосида ёшлар бандлиги дастури қабул қилинди ва ҳар бир вилоят кесимида тасдиқланди.
Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, 161 минг нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. Жумладан, 73 минг нафари ишга жойлаштирилди, 83 минг нафарига “Ёшлар бизнеси”, “Келажакка қадам”, “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш” дастурлари доирасида 474 миллиард сўм кредит ажратилди ва уларнинг бандлиги таъминланди.
Бундан ташқари, 5 минг нафар йигит-қизга 2,5 минг гектардан ортиқ ер ажратилди. Унда 7 минг тоннадан ортиқ маҳсулотлар етиштирилди ва 35 миллиард сўмга яқин даромад олинди. Маълумот учун, 1 август ҳолатида ушбу дастур доирасида 208 минг нафар йигит-қизнинг бандлиги таъминланди. Бу 54 фоизни ташкил этмоқда. Қолган 176 минг нафар ёшларни ишли қилиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олганмиз. Ҳар бир ёш билан индивидуал шуғулланиб, уларни хорижий тилга ва касб-ҳунарга ўқитиб, тадбиркорликни ривожлантириш, бизнес лойиҳаларини амалга ошириш чораларини кўрамиз.
Бугунги кунда мамлакатимизда 1 миллион нафар эмас, балки 782 минг нафар ишсиз ёшлар бор. Тўғри, меҳнат бозорига 821 минг нафар ёшларимиз кириб келяпти. Шуни ҳисобга олганда бу кўрсаткич 1 миллионга яқинлашяпти.
Ҳисоб-китобларга кўра, уларнинг 493 минг нафари таълимнинг кейинги босқичига, яъни, олий таълимга қамраб олинади. Қолган ёшларимиз бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олганмиз.
Иккинчи саволингизга келсак, 2025 йилда ёшларнинг замонавий касбларга бўлган талабларидан келиб чиқиб, ўтган давр мобайнида 12 та касб-ҳунарга ўқитиш йўналиши йўлга қўйилди.
Йигит-қизларга ажратилаётган ер майдонлари бўйича вазирликнинг онлайн маҳалла платформасида алоҳида платформа бор ва у орқали ерга нима экилгани, у қайси пайтда кимга сотилганининг ҳисобини юритиб борамиз.
Мажлисда кун тартибидаги масала юзасидан ҳар бир сиёсий партиялар фракцияларининг муносабатлари эшитилди.
Давлат дастури ижроси бўйича ЎзХДП фракцияси муносабати қандай?
Улуғбек ИНОЯТОВ,
ЎзХДП фракцияси раҳбари:
— Аввало таъкидлаш керакки, мамлакатимиз иқтисодиётини янада юксалтириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар эҳтиёжманд аҳоли қатлами вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ҳисобот даврида Давлат бюджетининг 86,2 трлн сўми ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилгани партиямизнинг дастурий мақсадларини амалга оширишда жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Хусусан, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида оғир аҳволдаги 1000 та маҳалла инфратузилмасини яхшилаш ва туман, шаҳарларни комплекс ривожлантириш харажатларига 2,4 трлн сўм маблағ йўналтирилган.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож 3 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган ва бемор ёшларга тиббий хизмат харажатлари тўлаб берилган. Қарамоғида ногирон фарзанди бўлган 40 мингдан ортиқ хотин-қизга моддий ёрдам кўрсатилиб, 2 мингга яқин опа-сингилларимизнинг уй-жой шароитларини яхшилаш чоралари кўрилган.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси парламентдаги мухолифат фракция сифатида ҳукумат ҳисоботи бўйича бир қатор конструктив таклиф-тавсияларини билдиради.
Ҳисоботнинг умумий конструкцияси кўпроқ маълумот шаклида тайёрланган бўлиб, амалга оширилган ишларнинг натижадорлиги бўйича таҳлилий ҳисобот келтирилмаган. Дастур ижроси бўйича умумий кўрсаткичлар билан чекланилгани, бажарилган ишлар соҳалар ва ҳудудлар кесимида кенгроқ очиб берилмагани ҳисоботни комплекс таҳлил қилиш, зарурий хулосаларга келишда мураккабликлар туғдирди.
Масалан, транспорт, йўл, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаси бўйича ҳудудлардаги ислоҳотлар натижалари, уларнинг қиёсий таҳлили келтирилмаган. Шуларни ҳисобга олиб, Вазирлар Маҳкамасига келгуси ҳисоботларда устувор йўналишлардаги натижаларни соҳалар ва ҳудудлар кесимида, қиёсий таҳлиллар асосида тақдим этишни тавсия қиламиз.
Давлат дастури ижроси ҳақидаги ҳисобот нафақат амалга оширилган ишларни кўрсатиб бериши, шу билан бирга, мамлакат миқёсидаги долзарб ижтимоий-иқтисодий вазифалар хусусида хулоса чиқариш имкониятини яратиши лозим, деб ҳисоблаймиз.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, фракциямиз Давлат дастурининг биринчи ярим йилликдаги ижроси бўйича ҳукумат ҳисоботини қўллаб-қувватлайди.
Муҳокамалар якунида Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маъқулланиб, Ҳукуматнинг фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар акс этган тегишли қарор қабул қилинди.
Муҳим қонунлар ва катта масалалар
Жамият, давлат ривожлангани сари унинг қонунлари ҳам такомиллашиб бориши лозим бўлади. Сабаби, тараққиёт ҳаётимизга янгидан-янги тушунчаларни, ижтимоий муносабатларни олиб киради. Уларни мунтазам тартибга солиш ва мослаштириб бориш жамиятни ортиқча муаммолардан халос қилади.
Парламент қуйи палатасининг ушбу йиғилишида амалдаги қонунчилигимизни такомиллаштиришга хизмат қиладиган бир қатор қонун лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди.
Хусусан, сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солишга қаратилган лойиҳа иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди. Унда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш ва уни ОAВ ҳамда интернетда тарқатганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланяпти.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.
Мажлисдан ўрин олган яна бир масала “Ижтимоий иш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди. Ушбу қонун лойиҳаси билан ижтимоий иш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари, ижтимоий иш соҳасида махсус ваколатли давлат органи ҳамда унинг ваколатлари, ижтимоий ходимнинг вазифалари ва мажбуриятлари белгиланмоқда.
Лойиҳада ижтимоий ҳимояга муҳтож оила (шахс)ни аниқлаш ва уларни ижтимоий ҳимояга муҳтож оила (шахс) деб топиш асослари, ижтимоий хизматлар ва ёрдамдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳам акс этмоқда. Қолаверса, ижтимоий хизматлар ва ёрдамнинг турлари ва шаклларига аниқлик киритиляпти.
Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Мажлисда, шунингдек, ҳакамлик судлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокамаси ҳам қизғин кечди. Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда юқори қўшилган қийматли товарлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди ва қабул қилинди.
Бундан ташқари, ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам муҳокамалар марказида бўлди.
Қонун лойиҳаси билан соддалаштирилган тартибда ижро этиладиган ижро ишлари тоифаси кенгайтирилмоқда. Хусусан, видеоконференцалоқа харажатларини, коммунал хизматлар ҳамда кўп квартирали уйлар мулкдорларининг мажбурий бадалларини ёки тўловлар бўйича қарздорликларни, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги ижро ҳужжатларининг соддалаштирилган тартиби назарда тутиляпти.
Мунозараларда лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан бир қатор ишлар амалга оширилгани қайд этилди.
Хусусан, парламентдаги мухолифат фракцияси аъзолари таклифларидан келиб чиқиб, соддалаштирилган тартибда ижро этиладиган юқоридаги ишлар юзасидан ундирувни қарздор жисмоний шахснинг банклардаги ҳисобварақларида турган пул маблағларига қаратилмаслиги белгиланмоқда.
Баҳс-мунозаралар ва савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Лазиза ШЕРОВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
«Ўзбекистон овози», 13.8.2025, №32