Ризқ-рўзимиз ва фаровонлик манбаи
Ризқ-рўзимиз ва фаровонлик манбаи

 

Бугун сайёрамизда чўлланиш ва қурғоқчиликнинг ортиб бораётгани ҳар бир давлат учун озиқ-овқат хавфсизлигини ҳаёт-мамот масаласига айлантирмоқда. Ушбу ҳолат қишлоқ хўжалиги, ичимлик сув таъминоти ва табиий экотизимларга жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари мана шундай мураккаб даврда энг бебаҳо ресурс – сувдан тежамкорона фойдаланиш ҳаётий зарурат эканига диққат қаратди. Юртимизда ҳозиргача 224 минг гектар экин майдонларида сувни тежовчи технологиялар жорий қилингани яхши самара бераётгани, натижада 420 миллион кубметр сув иқтисод қилиниб, қўшимча 65 минг гектарда мева-сабзавот етиштириш имконияти яратилгани эътироф этилди. Йил якунигача яна 10 минг гектар майдон томчилатиб ва ёмғирлатиб суғоришга ўтиши сувнинг ҳар бир томчиси қадрли бўлган ҳозирги кунда мақбул чоралардан биридир.

Дарахт экиб, боғ яратиш халқимизнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, қадрият даражасига кўтарилган анъаналаридан. Бу анъана нафақат атроф-муҳитнинг ободлиги ва яшилликнинг кенгайишига хизмат қилади, балки озиқ-овқат хавфсизлигида ҳам муҳим ўрин тутади. Юртимизнинг қайси манзилига борманг, қайси хонадонга кирманг, бир қарич ер бўлса ҳам, мевали дарахт экилгани ёки экин-тикин қилинганини кўрасиз. Ҳатто 2 сотихли томорқасидан йил давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб, мўмай даромад олаётган омилкор ҳамюртларимиз кўп. Улар ўз эҳтиёжидан ортганини бозорга олиб чиқиб, эл дастурхонига тортиқ қилмоқда, ризқ-рўз улашмоқда. Халқимизнинг толейини қарангки, еримиз унумдор, адашиб чўп суқсангиз ҳам кўкариб, ҳосил беради. Аслида буларнинг бари мева-сабзавотчиликни ривожлантириш ва деҳқонларимизнинг ўз маҳсулотларини экспортга чиқаришини янада жадаллаштириш учун бемисл имконият! Фақат бу имкониятдан оқилона фойдаланиш, мавжуд муаммолар ечимини пайсалга солмаслик керак.

Йиғилишда бу бўйича ҳукуматга экспортчи, иссиқхоначи ва мева-сабзавот етиштирувчилар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиб, давлат идораларига боғлиқ барча муаммоларини аниқлаб, жойида ҳал қилиб бориш вазифаси қўйилгани айни муддао бўлди. Ушбу вазифаларнинг сўзсиз ижроси қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш тармоқларида муқим, юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратишда, юртимиз аҳолисининг салмоқли қисми яшайдиган қишлоқ жойларда ишсизликни ҳамда камбағалликни камайтиришда қўл келади.

 

Мухтор ИЛҲОМОВ,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати.

«Ўзбекистон овози», 6.8.2025, №31

 

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш