Денгиз йўли ҳамкорлик, дўстлик демак
Денгиз йўли ҳамкорлик, дўстлик демак

 

Денгиз йўли миллатга, мамлакатга улкан имкониятлар бериши ҳақида узоқ гапириш мумкин. Айтиш мумкинки, халқимизнинг энг буюк интилишларидан бири ҳам жаҳон йўлига чиқиш, барча минтақа ва давлатлар билан дўстона ҳамкорлик, борди-келди қилишдир.

Туркманистоннинг “Аваза" миллий сайёҳлик зонасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси шу маънода катта аҳамиятга эга. БМТ Бош котиби жаноб Антониу Гутерриш, қатор давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари стратегик масалаларда ўзаро фикр алмашди, таклиф-ташаббуслар илгари сурилди.

Маълумки, Ўзбекистон денгиз коммуникацияларига чиқиш учун бошқа давлатлар ҳудуди орқали ўтиши керак бўлган давлатлардан ҳисобланади. Денгиз портларига чиқишимиз учун бир қатор муаммоларга дуч келамиз. Биринчи ва асосий муаммо – масофа узоқлиги – яқини 3 минг км. Узоқ масофа бир қатор объектив муаммоларни вужудга келтирмоқда. Тарифларнинг юқорилигини, транспорт йўлаклари ҳамда инфратузилмаларнинг имконияти чекланганини, бошқа давлатларнинг божхона-транзит сиёсатига боғлиқлик масалаларини ҳал этиш ўз-ўзидан бўлмайди.

Халқаро статистик маълумотларга кўра, минтақамизда логистика харажатлари маҳсулотлар умумий нархининг 60 фоизигача етмоқда. Бу халқаро миқёсдаги логистика харажатларидан бир неча баробар юқоридир.

Юртимиздаги ижтимоий-иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш ва уни янада юксалтириш учун кўпроқ имкониятлар, янги ташаббуслар ва ишончли ҳамкорлар зарур.

Мазкур конференция нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун ишончли янги транзит йўлаклари ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш йўлида ҳам муҳим мулоқот майдони бўлди.

Ўзбекистон Президенти конференциядаги нутқида долзарб ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатлар учун Транзит кафолатлари тўғрисидаги глобал битимни ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Бундай механизм портлар ва коммуникациялардан адолатли фойдаланиш шартларини таъминлаб, юк ташишда хавф-хатарларни пасайтириши ва глобал логистикада тенгсизликни камайтиришга хизмат қилиши айтиб ўтилди.

Шунингдек, Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон темир йўли лойиҳасини Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўл магистрали билан боғлаш минтақамизда янги савдо-иқтисодий макон ва барқарор транспорт инфратузилмасини шакллантириш учун катта имконият яратиши таъкидланди.

Денгизга табиий йўли йўқ мамлакатлар учун кафолатлар бўлиши, бу борадаги ташаббуслар халқаро ҳамжамият, албатта, ҳамкор ва қўшни давлатлар томонидан қўллаб-қувватланиши муҳим. Шу маънода нуфузли конференциянинг қўшнимиз Туркманистонда самарали ўтиши ҳам катта аҳамиятга эга бўлди.

Марказий Осиё ғарб ва шарқни, шимол ва жанубни боғловчи транзит хаб бўлиш имкониятларига эга эканини кейинги йиллардаги тинчлик ҳамда тараққиётга интилиши билан амалда намоён этди.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш