Сирдарё вилоят кенгашимизга янги раҳбар келди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сирдарё вилоят кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини кучайтириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ташаббускорликни ошириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Партиямизнинг вилоятдаги фахрийлари ва фаоллари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш, мурожаатларни самарали ҳал этиш, сайловчилар билан мулоқотни янада кучайтириш зарурлиги қайд этилиб, таклиф-мулоҳазаларини билдиришди.

Йиғилишда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси вазифасига Сарварбек Султонов номзоди илгари сурилди. Унинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича турли вазифаларда самарали фаолият олиб боргани, хусусан, Ширин шаҳар ва Мирзаобод туманларида ҳоким вазифаларида ишлаб, ўзига хос тажриба тўплагани, ҳамкор ташкилотлар билан алоқаларни мустаҳкамлашда ташаббускор экани ҳақида фикрлар билдирилиб, номзод қўллаб-қувватланди.

Бошқа масъулиятли ишга ўтганлиги муносабати билан Шерали Мамадецоев ўз аризасига кўра ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси вазифасидан озод этилди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Акмал Турсунбоев, республика “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Ўтбосар Абдиев, партиямиз фаоли, Боёвут туманидаги “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жумабой Раҳмонқулов ва бошқалар Шерали Мамадецоев партия вилоят кенгаши раиси сифатида самарали фаолият юритганини эътироф этишди ҳамда янги раҳбар Сарварбек Султонов ишига муваффақият тилашди.

Сафдошларимизга янги вазифаларда омад ва шижоат тилаб қоламиз.

 

 

 

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш