Жароҳатлар камаяди, хатарларнинг олди олинади
Жароҳатлар камаяди, хатарларнинг олди олинади

 

Бугун давлат сиёсатида мамлакатни тараққий эттиришда халқни рози қилишдек эзгу мақсад мужассам. Масъулларга одамларнинг эртага ёки яқин келажакда эмас, бугун бахтли яшаши учун шароит яратиш талаби қатъий қўйганлиги замирида ҳам шу ният бор. Муаммони қисқа даврда ҳал қилиш ва натижага эришишнинг асосий шарти камчиликларга тик қарай олишдир.

Биргина мисол, мамлакатимизда 2020 йил аҳолининг муайян қисми камбағал экани тан олинди. Уларга кўмаклашиш чоралари кўрила бошлади. Тегишли тизим жорий қилингани самара берди. Натижада узоқ йиллар оғир вазиятда бўлган уч миллион нафардан зиёд одамнинг шароити яхшиланди.

Куни кеча камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг Ўзбекистон Республикаси Президентига қилган тақдимотига кўра, биринчи ярим йилликда 3 миллиондан зиёд аҳоли даромадли меҳнатга жалб қилинган. 2024 йил якунида камбағаллик даражаси 8,9 фоизгача камайганди. Мақсадлар катта. Натижа ўз-ўзидан бўлавермайди. Бунинг учун кўрилган ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий чоралар такомиллаштирилиб борилиши керак.

Бироқ иш ўрни яратишга урғу берилиб, аҳолига турли даражада зарар берган масалаларни ҳам кўздан қочирмаслик лозим. Жумладан, юртимизда иқтисодиётнинг турли тармоқларида ислоҳотлар жадал суръатларда амалга ошириляпти. Янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши, замонавий технологияларнинг жорий этилиши меҳнат шароитларига янги талабларни қўймоқда. Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнида хавфсизликни таъминлаш, ходимларнинг соғлиғини сақлаш масалалари доимо долзарб бўлиб келган. Афсуски, ўтган йиллар давомида меҳнат муҳофазасига етарлича эътибор қаратмаслик, эскирган усуллар ва стандартлардан фойдаланиш оқибатида ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар, касб касалликларининг юзага келиши ҳолатлари сақланиб қолганди.

Бу эса, ўз навбатида, иқтисодий зарар келтириб, мамлакатнинг ижтимоий ривожланишига ҳам салбий таъсир кўрсатган. Шуларни инобатга олган ҳолда, меҳнат муҳофазаси соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, халқаро стандартларга мос келувчи замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш зарурати юзага келди. Ҳукуматнинг тегишли қарори билан эса мазкур масалаларнинг ҳуқуқий асоси кафолатланди.

Қарор билан биринчи навбатда, ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлигини таъминлаш бўйича аниқ чоралар назарда тутилган. Хусусан, меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга ошириш, ходимларни ҳимоя қилувчи хавфсиз техника, технология ҳамда воситаларнинг ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини рағбатлантириш қайд этилган.

Шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини халқаро стандартлар талаблари асосида жорий этишни назарда тутади. Бу эса ўзбек корхоналарининг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Яна бир муҳим жиҳати, қарор корхона раҳбарларининг меҳнат муҳофазаси бўйича масъулиятини оширади. Эндиликда раҳбарлар нафақат қонун талабларига риоя қилиш, балки ММБТнинг самарали фаолиятини таъминлаш учун

ҳам жавобгар бўладилар. Қарор ММБТни жорий этиш ва амалга оширишда ходимларнинг фаол иштирокини таъминлайди. Бу эса, меҳнат муҳофазаси бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

Қолаверса, қарор меҳнат муҳофазаси бўйича давлат назорати органларининг ваколатларини кенгайтиради. Бундан буён назорат органлари корхоналарда ММБТнинг жорий этилиши ва фаолиятини назорат қилиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўладилар.

 

Анвар НУРМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 30.7.2025, №30

 

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш