Қонун лойиҳалари орқали халқ манфаатларини ҳимоя қилиш илгари сурилмоқда

 

Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида «Миграция жараёнларини бошқариш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори ёки ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тафовут ҳамда зиддиятларни бартараф этишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳалари муҳокама қилинди.

Фракция аъзолари ушбу қонун лойиҳаларининг ҳар бирига алоҳида эътибор билан ёндашиб, уларнинг мазмун-моҳияти, ижтимоий аҳамияти ва амалий натижаларини чуқур таҳлил қилди.

Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тафовут ҳамда зиддиятларни бартараф этишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокамадан ўтди.

Лойиҳани концептуал жиҳатдан маъқуллаган депутатларимиз шу ўринда ўзларининг таклифларини ҳам билдиришди. Жумладан фракциямиз аъзоси Қизилгул Қосимова бошқа йўналишлардаги қонунларда тафовутлар борлигини уларни ҳам тезроқ бартараф этиш лозимлигини, депутатлар бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлашини билдириб, ёрдамга тайёрлигини маълум қилди.

Фракция йиғилишида таъкидланганидек, ЎзХДП ижтимоий тенглик, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий адолат ва давлат органлари фаолиятининг очиқлигига хизмат қилувчи қонунларни қўллаб-қувватлашни ўзининг устувор вазифаси деб билади. Йиғилиш якунида ЎзХДП фракцияси келгусида ҳам халқ манфаатларини ифода этувчи, фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган қонунлар ишлаб чиқилишида фаол иштирок этишини маълум қилди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш