Конституцияга зид бўлган тартибни бекор қилиш керак
Конституцияга зид бўлган тартибни бекор қилиш керак

 

Тошкент шаҳрида йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланишга оид жорий қилинган чеклов кенг жамоатчилик томонидан турли фикр ва эътирозларга сабаб бўлмоқда. Унга кўра, эндиликда ҳар бир ҳайдовчи ўз ҳудудида ва унга туташ ҳудудда такси фаолиятини амалга ошириши белгиланган.

Аммо, бу тартиб Ўзбекистон Республикасининг янги қабул қилинган Конституциясининг 67-моддасида белгиланган талабга зид келмоқда.

Конституциямизга мувофиқ, давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади.

Йўналишсиз такси фаолияти билан боғлиқ жорий қилинган чеклов турли ноқонуний фаолиятларни бошланишига, уларни эркин меҳнат фаолиятини олиб боришга тўсқинлик қилишга, шунингдек энг асосийси фуқароларимизни конституциявий ҳуқуқларини чекланишига олиб келади.

Шунингдек, Бош қомусимизнинг 42-моддасига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги назарда тутилган.

Йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларимиз ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқидан фойдаланган ҳисобланади. Ва бундай шахслар қонунларда белгиланган тартибда тегишли лицензия олиб, тегишли солиқларни тўлаган ҳолда тўлиқ қонуний фаолият юритмоқда.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, йўналишсиз таксилар бўйича чеклов жорий қилишга ҳеч қандай ҳуқуқий асослар йўқ. Аксинча, конституциявий меъёрларга зид келаётган жиҳатлари яққол кўриниб турибди.

Шулардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси Транспорт вазиридан ушбу масалада аниқ тушунтириш бериш юзасидан сўров юборди ҳамда транспорт соҳасида муаммоларни бартараф этиш юзасидан ҳукумат соатида депутатлар саволларига жавобларни эшитиш учун Транспорт вазири таклиф қилинганлигини қайд этади.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш