
Сўнгги йилларда жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътиборини тортаётган кўплаб йирик тадбирларнинг, юқори даражадаги халқаро учрашувларнинг асосий марказига айланиб бораётган азим Тошкент шу кунларда яна бир нуфузли анжуманга мезбонлик қилмоқда.
Пойтахтимизда мана тўртинчи йилдирки, халқаро иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, глобал муаммоларни муҳокама қилиш ва илғор ғоя-ёндашувларни ишлаб чиқиш учун самарали платформа вазифасини бажариб келаётган Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз ишини бошлади.
7,5 мингдан ортиқ делегат, жумладан, 100 га яқин давлатдан салкам 3 минг нафар хорижий меҳмонни бир жойга жамлаган бу йилги форум янги, кенгайтирилган форматда ўтказилмоқда. Маълумотларга кўра, форум ишида энергетика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, рақамли технологиялар ва бошқа стратегик муҳим соҳаларга оид умумий қиймати ўттиз миллиард доллардан ортиқ бўлган инвестицион лойиҳалар тақдим этилиши кўзда тутилган.
Аҳамиятлиси, IV Тошкент халқаро инвестиция форумида Болгария Президенти Румен Радев, Словакия Бош вазири Роберт Фицо, Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов, Қирғизистон Ҳукумати раиси Адилбек Қосималиев, Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода, Озарбайжон Бош вазири Али Асадов, Россия Федерацияси Ҳукумати раиси ўринбосари Александр Новак, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Нокергули Атагулиев, шунингдек, Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, араб давлатлари ҳамда Европа, Осиё ва Африка минтақалари делегациялари қатнашмоқда.
Форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари анжуман қатнашчиларини қутлар экан, Янги Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган молиявий институтлар раҳбарлари – Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо хоним ва Янги ривожланиш банки президенти Дилма Русеф хонимга алоҳида миннатдорлик билдирди.
Президент бугунги дунё катта синовларни бошидан кечираётганини, глобал хавфсизлик ва барқарор ривожланишга жиддий таҳдидлар тобора кучайиб, геосиёсий жараёнлар кўз ўнгимизда шиддат билан ўзгараётганини қайд этди.
Дарҳақиқат, жаҳонда қуролланиш пойгаси яна авж олмоқда. Йирик мамлакатларнинг ҳарбий харажатлари 2010 йилга нисбатан бир ярим баробар ортиб, 2,5 триллион долларга етди. Иқтисодий инқироз асоратлари, молиявий ресурслар тақчиллиги туфайли жаҳон ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари эса кетма-кет уч йил давомида пасаймоқда. Халқаро ҳуқуқ нормалари ва дипломатия кучи заифлашмоқда. “Энг ачинарлиси, инсоният учун энг долзарб муаммолар – озиқ-овқат хавфсизлиги, камбағаллик, иқлим ўзгаришлари каби масалаларга эътибор камаймоқда. Дунёда тинчлик, адолат ва инсон қадрига бўлган умумий ишончни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим”, – деди давлатимиз раҳбари.
Мана шундай қийин шароитга қарамай, мамлакатимизда иқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш йўлида салмоқли натижаларга эришилаётгани қувонарли, албатта. Жумладан, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти саккиз йилда 2 баробар кўпайди. 2030 йилга бориб, бу кўрсаткични 200 миллиард долларга етказиш асосий мақсад қилиб қўйилган.
Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар самараси халқаро рейтингларда ҳам ўзининг муносиб тасдиғини топяпти. “Иқтисодий эркинлик индекси”да мамлакатимиз сўнгги беш йилда 48 поғонага юқори кўтарилди. Гарварднинг “Иқтисодиёт мураккаблиги индекси”даги ўрнимиз 28 поғонага яхшиланди. Ўтган ойда нуфузли “S&P” агентлиги Ўзбекистоннинг суверен рейтинги прогнозини “барқарор”дан “ижобий”га оширди.
Президент Шавкат Мирзиёев инвестициялар фақат иқтисодий тараққиётнинг эмас, балки тинчлик ва барқарорликнинг кафолати бўлишини таъкидларкан, биргина ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистонда инвестиция ҳажми 35 миллиард долларга, экспорт 27 миллиард долларга етгани – тўрт йилдан буён ўтказиб келинаётган Тошкент халқаро инвестиция форумининг ҳам амалий натижаси эканига урғу берди. “Келинг, биргаликда шундай инвестиция муҳитини яратайликки, у даромад келтириш билан бирга, инсон қадрини улуғлайдиган, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлайдиган ва жамият равнақига хизмат қиладиган мустаҳкам пойдеворга айлансин!”- деди давлатимиз раҳбари форум иштирокчиларига қарата.
Дунё иқтисодиёти янги давр ва ўзгаришлар остонасида турган ҳозирги муҳим паллада барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар қуйидаги тўртта йўналишда ҳамкорликда ишлаши мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди.
Биринчидан, “яшил” иқтисодиёт моделига ўтиш айни зарурат. Бинобарин, Янги Ўзбекистонда айнан “яшил” энергетикани ривожлантириш учун қисқа даврда қарийб 6 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинди. Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 59 миллиарддан 82 миллиард киловатт-соатга етди. Кейинги беш йилда бу кўрсаткични 120 миллиард киловатт-соатдан ошириб, “яшил” энергия улушини 54 фоизга етказиш, жорий йилда Самарқандда, келгуси йилдан яна 8 та ҳудудда электр тармоқларини хусусий шерикликка бериш, илк бор “яшил” сертификат ва углерод бирликлари савдосини йўлга қўйиш, глобал углерод бозорларига қўшилиб, “Яшил Ўзбекистон” иқлим инвестициялари платформасини яратиш мўлжалланмоқда.
Иккинчи йўналиш – бу рақамли технология ва сунъий интеллект билан боғлиқ. Ўзбекистонда шу йилнинг ўзида IT экспорти 1 миллиард долларга етгани мазкур соҳа мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи “драйвери”га айланаётгани исботлайди. “2030 йилга бориб, бу кўрсаткични 5 карра ошириш учун салоҳиятимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етарли”, – деди Президентимиз.
Келгуси йилдан “Булутли технологиялар” миллий платформаси ишга тушиши, яқин беш йилда хусусий инвесторлар билан бирга қуввати 500 мегаваттдан зиёд 20 та “дата марказ” барпо этилиши, “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси бошланиши – буларнинг бари Ўзбекистонни нуфузли IT ва Fintech хабига айлантириш йўлидаги ишончли қадамдир.
Давлатимиз раҳбари нутқида жаҳон миқёсида молиявий тизим ва технологиялар кескин ўзгараётган бир пайтда бу соҳаларни кейинги ривожланиш босқичига олиб чиқиш учун Ўзбекистонда Молиявий барқарорлик кенгаши ташкил этилиши, Марказий банкда киберхавфсизлик ва молиявий технологиялар платформалари ишга туширилиши баён қилинди.
Стартаплар учун муқобил молиявий инструмент – венчурлар тез ривожланиб бораётгани ҳам бор гап. Шунга кўра “Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Келгуси беш йилда венчур ва бошқа муқобил сармоялар ҳажмини 1 миллиард долларга олиб чиқиш бу йўналишдаги бош мақсадлардан ҳисобланади.
Тўртинчи йўналиш эса “технологик минераллар”дан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришни назарда тутади. Зеро, Ўзбекистонда вольфрам, молибден, магний, литий, графит, ванадий, титан ва бошқа минералларнинг катта захираси аниқланган. Умуман, ер ости бойликларимизнинг салоҳияти 3 триллион долларга баҳоланмоқда.
Президентимиз Тошкент ва Самарқанд вилоятларида “Келажак металлари технопарки” бунёд этилаётганини айтиб, бизнес ҳамкорлар учун манфаатли ташаббусни илгари сурди. Яъни, бу соҳада геология-қидирув ишларидан бошлаб, тайёр маҳсулот занжирини йўлга қўйган инвесторларга ўн йил давомида рента солиғи қайтариб берилишини маълум қилди.
“Биз “Янги Ўзбекистон – инвестициялар учун катта имкониятлар мамлакати” деган тамойилни амалий натижаларга айлантириш мақсадида барча чораларни кўряпмиз”, – деди давлатимиз раҳбари. Шу маънода келгуси йилда Янги Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотининг аъзосига айланиши бўйича фаол иш олиб борилаётгани, ўнлаб қонун, юзлаб стандартлар халқаро талабларга мослаштирилгани, бу ишлар шу йил тўлиқ якунига етказилиши, хорижий сармоядорларга янада қулай муҳит яратиш учун маҳаллий компаниялар билан бир хил шароитларни кафолатловчи “миллий режим” жорий қилиниши алоҳида диққатга молик.
Қолаверса, давлат компанияларини хусусийлаштиришда уларни юртимиз фаровонлигига хизмат қилувчи йирик активларга айлантириш йўли танлангани, транспорт ва логистика соҳасига ҳам хусусий капитал фаол жалб этилаётгани айни муддао.
Президент Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда қўшниларимиз билан йўлга қўйилган очиқ ва дўстона сиёсат натижасида Марказий Осиёда мутлақо янги ҳамкорлик муҳити шаклланганини эътироф этди. Ахир сўнгги саккиз йилда қўшниларимиз билан товар айланмаси ҳажми 3,5 баробардан зиёд ошиб, қарийб 13 миллиард долларга етгани ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Катта инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Жумладан, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлини қуришни бошладик, йирик энергетика ва инфратузилма лойиҳаларини тайёрлаш бўйича салмоқли ишлар қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбари шу хусусида тўхталар экан, Марказий Осиёда “Инвестиция ва савдо учун яхлит ҳудуд концепцияси”ни илгари суришни таклиф қилди. “Шу ўринда халқаро ташкилотларга мурожаат қилмоқчиман: минтақавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун янги молиявий механизмларни йўлга қўйиш вақти келди. Биргаликда ҳаракат қилсак, Марказий Осиёни тинчлик ва тараққиёт маконига айлантирамиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, IV Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида биринчи марта Миллий кўргазма, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг 3-ялпи мажлиси бўлиб ўтади.
***
Зуҳра ШОДИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Тошкент халқаро инвестиция форуми бутун дунё иқтисодиёти учун икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришда ўзига хос мулоқот майдонига айланди, десак янглишмаймиз.
Бугун сайёрамиз аҳли иқтисодий тебранишлар, геосиёсий хатарлар авж олаётган, барқарор ривожланиш йўлида хавф ва таҳдидлар кучайиб бораётган мураккаб даврни бошдан кечирмоқда. Товар ва хизматларни етказиб бериш занжирларидаги узилишлар, халқаро савдонинг пасайиши, инвестиция оқимларининг камайиши, иқлим офатларининг кучайиши жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръатларини тобора пасайтирмоқда. Интеграциялашган дунёда ҳеч бир давлат бу глобал муаммоларнинг таъсиридан четда қолаётгани йўқ. Хорижий сармоядорларни жалб қилиш ва қўллаб-қувватлаш орқали ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш энг мақбул ечимлардан ҳисобланмоқда. Мана шу ҳақиқатнинг ўзиёқ Тошкент халқаро инвестиция форумининг моҳиятини ва аҳамиятини яққол кўрсатади.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида “Биз учун инвестиция – фақатгина молиявий манба эмас. Бу – технология, билим, малакали кадрлар, халқаро ишлаб чиқариш занжирига қўшилиш, яъни, ҳақиқий тараққиёт демакдир. Ўзбекистон мана шундай эзгу ғоялар билан келадиган хорижий инвесторларга барча шароитларни яратиб беради, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва буни кафолатлайди”, дея юртимизда хорижий сармоядорлар учун барча эшиклар доимо очиқлигини таъкидлади. Энг муҳими, уларнинг фаолиятини ҳимоя қиладиган қонунлар, мулоқотга очиқ давлат ва ҳамкорликка тайёр меҳнаткаш халқимиз борлигини айтди.
Бу сўзлар замирида Янги Ўзбекистонда нияти тоза бўлган ҳар бир сармоядор ўзини эркин ва ишончли ҳис қилиши, бизнес лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириши учун имкониятлар мавжудлигига ишора бор.
Ишончимиз комилки, пойтахтимизда давом этаётган Халқаро инвестиция форуми ва сермаҳсул музокаралар иқтисодиёт соҳасидаги амалий ҳамкорликни сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги, янада юксак босқичга олиб чиқади.
Фарида МАҲКАМОВА
тайёрлади.
«Ўзбекистон овози», 11.6.2025, №23