Коронавирус инфекциясининг тарқалиши бутун дунё халқлари каби биз учун ҳам бир синовдир. Давлатимиз томонидан ҳар бир фуқаронинг муҳофазаси учун барча шароитлар муҳайё қилинмоқда. Фақат бу вирус халқасини узиб ташлаш ва уни тарқалишига йўл бермаслик учун уйда қолишимиз, вақтинча яккаланиш, санитария гигиена тартиб қоидаларига қатъий амал қилиш талаб қилинмоқда.
Агар белгиланган қоида ва тартибларга бир тану, бир жон бўлиб, онгли равишда амал қилсак, вирус бартараф этилади.
Иш ва ўқиш машғулотларидан тўлиқ узилган ҳолда карантин муддатини ўташ бу вақтинчалик чоралар. Бунга амал қилмасдан, вирус пандемиясини чекинтира олмаймиз. Буни ҳаммма бирдек тушуниши, амалда қўллаб қувватлаши зарур.
Охирги пайтларда аҳоли ўртасида озиқ-овқат маҳсулотларини керагидан ортиғи билан олиш ишлари авж олди. Бу нотўғри қараш, албатта. Бу аҳоли ўртасида ваҳима ортишига сабаб бўлади. Аҳоли озиқ-овқат маҳсулотлари таъминотидан асло ташвишланмаслиги керак. Бунинг чоралари ҳукумат томонидан аллақачон кўриб қўйилган. Шуни унутмаслигимиз керак. Давлатимиз раҳбарининг тавсия ва кўрсатмалари билан одамларимиз ҳеч нарсага зориқиб қолмайди.
Қадрли ҳамюртлар, уйда қолинг, фарзандлар тарбияси, маърифат билан машғул бўлинг. Биз озодалик ва покизалик билан, тоза имон, эътиқодимиз билан коронавирусни албатта енгамиз!
Абдувоҳид АЗИМОВ,
26- Сардоба сайлов округидан Наманган шаҳар Кенгаши депутати.