
Ёшларнинг фикри, таклиф-ташаббуслари, креатив ғоялари билан ривожланган давлат ва жамият ҳар томонлама барқарор бўлади. Бунинг учун уларнинг овози эшитиладиган, йигит-қизлар бевосита иштирок этадиган институционал платформалар жуда муҳим.
Мамлакатимизда фаолият юритаётган Ёшлар парламенти ана шундай ноёб институт вазифасини бажармоқда. Бу нафақат ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, балки уларнинг таклифларини, муаммоларини тўғридан-тўғри эшитиш, давлат сиёсатига интеграция қилишда муҳим механизмлар орқали намоён бўлмоқда.
Хусусан:
- Ёшлар парламенти бу ёшларнинг сиёсий фаоллигини оширишнинг реал имконият майдони ҳисобланади. Маълумки, ёшлар парламенти – бу давлат ташкилоти эмас, балки кенг жамоатчилик ва ёшлар вакилларидан иборат маслаҳат органи ҳисобланади. Унинг асосий мақсади – ёшларнинг турли соҳалардаги муаммоларини парламент, вазирлик ва жойлардаги ҳокимиятларга етказиш, таклифлар бериш ва жамиятда ёшлар овозини кучайтириш платформаси ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистонда Ёшлар парламенти республика даражасида, шунингдек, вилоят, туман ва шаҳарларда ҳам шакллантирилмоқда. Бу тизим ёшларга нафақат муҳим ижтимоий масалаларни кўтариш, балки қонунчилик жараёнларида фикр билдириш, ташаббуслар билан чиқиш имкониятини ҳам беради.
- Ёшлар дунёқарашини ривожлантиришнинг муҳим драйвери саналади. Ёшлар учун парламент – бу сиёсий билим ва кўникмаларни шакллантириш мактабидир. Унда иштирок этган ёшлар қонунчилик жараёнларини ўрганади, муаммоларни таҳлил қилиш ва ечим таклиф этиш тажрибасига эга бўлади.
- Жамиятда ёшларга тегишли муаммоларнинг тўғридан-тўғри эшитилиши имконияти шакллантирилади. Ёшлар орасида ишсизлик, таълим сифатининг пастлиги, интернетдан фойдаланишда чекловлар, маданий фаолиятнинг камлиги каби долзарб муаммолар бор. Бу барча мамлакатларда кузатиладиган ижтимоий жараён ҳисобланади. Ёшлар парламенти – бу муаммоларни турли даражадаги раҳбариятга бевосита етказиш учун майдон ҳисобланади.
- Ёшларга хос бўлган инновацион ғояларни илгари суриш соддалаштирилади. Ёшларда янги ғоялар, стартаплар, ижтимоий ташаббуслар жуда кўп. Ёшлар парламент орқали бу ғоялар давлат органларига тақдим этилади ва уларнинг амалга ошишига йўл очилади.
Ёшлар парламенти рамзий эмас, балки реал таъсир кучига эга бўлган масканга айланмоқда. Янги сайланган Ёшлар парламенти таркибида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 20 нафар билимли ва шижоатли аъзоси борлиги электорат манфаатларини ҳимоя қилишда янгича ёндашувлар, илғор ечимлар юзага келишига асос бўлади, деган умиддамиз. Кучли сиёсий партиялар фаол, ташаббускор ёшлар ҳисобига янги ривожланиш босқичига кўтарилганлигига тарихда мисоллар етарлича.
Ғолибжон Маҳаммаджанов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши шўъба мудири,
сиёсий фанлар фалсафа доктори (PhD).