
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятини кузатиб бораётганлар кейинги пайтларда бир тенденцияга гувоҳ бўлишди. Яъни, кетма-кет бир нечта йиғилишда сиёсий партиялар фракциялари ўртасида қайсидир қонун лойиҳалари устида қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Манфаатлар кесишди, сиёсий позициялар аниқ кўрсатилди. Воқеаларнинг узвий давоми сифатида ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” фракциялари “Тараққиёт блоки”, деб номланган янги сиёсий блок ташкил этди, бунга жавобан Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўзини парламентдаги мухолифат фракцияси, деб эълон қилди. Ушбу тенденция юртдошларимиз орасида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Натижада қуйи палата фаолиятига қизиқиш янада ортиб кетди.
Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида ҳам қизғин баҳсларга сабаб бўлган бир қатор қонун лойиҳалари депутатлар муҳокамасидан ўтди.
Кун тартибида биринчи бўлиб, низоларни муқобил ҳал этишда медиация институтини ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳасида медиация тартиб-таомилларини қўллаш учун рағбатлантирувчи нормалар, медиаторларга оид талаблар ва медиатив келишувларни ижро этиш қоидалари низоларни муқобил ҳал этиш механизмларидан бири сифатида белгиланмоқда.
Медиация – келиб чиққан низони тарафларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули бўлиб, низони судгача ва суд жараёнида ҳал этишга қаратилган институт ҳисобланади.
Кейинги йилларда жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда, уларнинг муаммоларини ҳал этишда жаҳоннинг ривожланган давлатларида юқори самара бераётган низоларни судгача ҳал қилишнинг замонавий йўналишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Лойиҳани депутатларга ўқиб эшиттирган масъул қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатларнинг таклиф ва тавсиялари асосида ундаги нормалар маромига етказилганини айтиб ўтди.
Лекин муҳокаманинг савол-жавоб қисмига етиб келганда аниқ бўлдики, ҳали депутатларнинг инобатга олинмаган таклифлари етарлича экан.
Қизғин давом этган мажлисда депутатлар томонидан лойиҳага эътирозлар ҳам, таклифлар ҳам керагича билдирилди. Ундаги баъзи моддаларни қайта ишлаш керак, деган хулосага келиниб, қонун лойиҳаси масъул қўмитага қайтарилди.
Шу куни мажлисда “Давлат мулкини хусусийлаштириш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг 13 та қонуни ҳамда Ер ва Солиқ кодексларига давлат мулкини хусусийлаштириш ва ижарага беришни соддалаштириш мақсадида ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда жозибадор инвестиция муҳитини яратишга, тадбиркорлик субъектлари учун солиқ юкининг камайишига, давлат мулкини хусусийлаштириш соҳасини такомиллаштириш, соҳадаги ваколатли органларининг ваколатларини белгилаш, давлат мулки ва ер участкаларини хусусийлаштириш ҳамда ижарага бериш орқали хусусий мулкчиликни кенгайтиришга хизмат қилади, деган фикрни билдириб лойиҳани биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлашди.
Мажлисда иш вақтидан ташқари иш учун ҳақ тўлаш ва унинг давомийлигини соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда муҳокамадан ўтди.
Лойиҳада иш вақтидан ташқари ишнинг бир кунда биринчи икки соати учун камида бир ярим ҳисса миқдорида, икки соатдан ортиқ қисми учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши назарда тутилмоқда.
Амалдаги қонунчилигимизда иш вақтидан ташқари ишлаш вақти йиллик 120 соатдан ошмаслиги кераклиги белгиланган. Мазкур қонун айни ушбу чекловни олиб ташлашни ҳам назарда тутмоқда.
Дарҳақиқат, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари таъминланишига, ташкилотларда иш унумдорлигини ошириш ва ходимларнинг даромадлари кўпайишига хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси душанба куни сиёсий партияларнинг фракция йиғилишларида ҳам муҳокама қилинган эди. Жумладан, Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида қонун лойиҳасида белгиланаётган иш вақтидан ташқари ишнинг бир кунидаги биринчи икки соати учун камида бир ярим ҳисса миқдорни депутатлар икки ҳиссага ўзгартиришни таклиф қилишган эди. Лекин мажлисда ўша 1,5 ҳисса ўзгаришсиз муҳокамага қўйилди. Натижа овоз беришда ўз аксини топди. Яъни, 29 нафар депутат қонун лойиҳасига қарши овоз берди. Бу иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида лойиҳанинг ҳали депутатлар билан муҳокама қилинадиган, ишланадиган жойлари борлигини кўрсатиб берди.
Кун тартибидан миграция жараёнларини бошқариш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокамаси ҳам ўрин олган эди. Мазкур қонун ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш, лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш борасида ваколатли орган этиб белгиланмоқда.
Шунингдек, Миграция агентлигига хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий таъсир чораларини қўллаш ваколати берилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни иш берувчидан ёки буюртмачидан ундириш тартиби бекор қилинмоқда. Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахслардан Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишга жойлаштириш бўйича хизматлар учун ҳақ ундириш бўйича тақиқ олиб ташланмоқда.
Шу билан бирга, хусусий бандлик агентликларига хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларни касб-ҳунарга ва чет тилларига ўқитиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда ушбу жараёнга ҳамкор хорижий иш берувчиларни жалб қилиш ҳуқуқини бериш назарда тутилмоқда. Хусусий бандлик агентликлари томонидан лицензия олиш учун захира қилиниши лозим бўлган маблағлар миқдорини камайтириш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, миграция соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантирган ҳолда мазкур соҳага хусусий секторни янада кенгроқ жалб қилишга ҳамда кўрсатиладиган хизматларни рақамлаштиришга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бу галги мажлис ҳам таклиф ва ташаббусларга бой, қизғин муҳокамалар остида ўтди. Айни шу муҳокамалар мукаммал қонунларни дунёга келтиради. Бир сўз билан айтганда, Қонунчилик палатасининг фаолиятида ўсиш, яъни, янгича ёндашувлар кўзга ташланмоқда. Тарихдан биламизки, ҳар бир жамият юксалиши, янгиланиши ўзини-ўзи ислоҳ қилиши билан амалга ошади. Бизда ҳам айни жараён кечмоқда.
Аҳмад ҚУРБОНОВ тайёрлади.
«Ўзбекистон овози», 28.5.2025, №21